ИИВ Сирдарё вилоятида ички ишлар органлари ходимлари ва судья билан боғлиқ ҳолат юзасидан маълумот берди ва ҳолат тўғрисида видеолавҳа эълон қилинди.

Видеолавҳадаги тасвирларга кўра, Nexia русумли автомашинани бошқариб келаётган шахс Тез тиббий ёрдам автомашиналарининг йўлини тўсиб қўйиб, уларнинг тўсиқсиз ҳаракатланишига ҳалақит қилган.

ИИВ матбуот котибининг «Газета.uz» га изоҳлашича, блок-постдаги учта йўлакдан иборат йўлнинг иккитаси Гулистон шаҳрига кириш учун ва биттасини Термиз шаҳри томон ҳаракатланаётганлар учун очиб қўйилган. Гулистон шаҳрига кириш учун мўлжалланган иккита йўлакда тирбандлик юзага келганлиги сабаб Nexia русумли автомашинани бошқариб келаётган судья айнан Термизга кетиладиган учинчи йўлак орқали шаҳарга киришга қарор қилади ва учинчи йўлакка ўтади.

Учинчи йўлак тез ёрдам машинасининг тирбандликда турмаслиги, тўсиқларсиз ҳаракатланиши учун бўшатилган бир пайтда, А.Эргашев шаҳарга ўтиши кераклигини айтиб йўлни тусиб туриб қолган. Ходимлар шошилинч тарзда машинани йўлдан олиш мақсадида, ҳайдовчини машинадан тушириб, машинанинг ўзини йўл чеккасига олиб қўйишади.

ИИВ Алишер Эргашевга қарши ҳеч қандай ортиқча куч ишлатилмаганлигини таъкидлади.