Гулистон шаҳрига киришдаги блок-постлардан бирида Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди судьяси Алишер Эргашевга нисбатан қўполлик қилинган ва куч ишлатилган, дея хабар берди ЎзА.

Хабар берилишича, 13 июль куни Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди судьяси Алишер Эргашев ўзининг бошқарувидаги Nexia русумли автомашинасида доимий яшаш жойидан иш жойига келиш мақсадида Гулистон шаҳар ҳудудига киришда ўрнатилган «карантин блок пости» йўналишида ҳосил бўлган тирбандликда тахминан 8.40 дан 09.35 гача бўлган вақт оралиғида кутиб турган.

Лекин у ишга бориши шарт бўлгани учун блок пост томон ҳаракатланган. Шунда ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари «вилоят ҳокими келаётганлиги сабабли» шаҳар ҳудудига киритиш умуман тақиқланганини айтишган. Алишер Эргашев ўзининг судья эканини маълум қилиб, уларга ўзини таништириб, хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, ишга кетаётганлигини билдириб, ўтказиб юборишни илтимос қилган. Маълумотга кўра, блок постдаги ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари судьяга нисбатан қўпол муомалада бўлиб, унинг автомашинасини қўли билан уриб, тезроқ бу жойдан бошқа йўналишга қараб ҳаракатанишни талаб қилишган.

«Судья шаҳар ҳудудига ишга бориш учун киришини билдирганига қарамасдан, унга 3−4 ходим куч ишлатиб, автомашинасидан мажбуран тушириб, уни четга олиб ўтиб, унинг шахси, судьялик лавозими ва қадр-қимматини ҳақорат қилиб, унга тан жароҳати етказган. Судьянинг шахсий мулки ҳисобланган автомашинани эса нотаниш ИИБ ходими бошқариб, воқеа жойидан 250−300 метр жойга йўлнинг четига олиб бориб, очиқ ҳолда ташлаб кетган», — дейилади хабарда.

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди судьяси Алишер Эргашев вилоят судига келиб, соғлиғи ёмонлашаётгани сабабли тез тиббий ёрдам чақиртирган. Тез тибиий ёрдам ходимлари келиб Алишер Эргашевнинг танасидаги жароҳатларни кўздан кечирган ва унинг қон босими кўтарилганлигини айтиб, зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатган. Кейин у тез тиббий ёрдам автомашинасида вилоят шифохонасининг Шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб кетилган.

Судга оид тиббиёт экспертизасининг 14 июлдаги хулосасига кўра, Алишер Эргашевнинг чап қўл елка бўғими соҳаси ва чап оёқ тизза бўғими олд соҳалари қонталашлари ҳамда бош чап томон чакка-тепа соҳаси, чап билак кафт бўғими соҳаси, кўкрак умуртқалари соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши каби жароҳатлари мавжудлиги, ушбу жароҳатлар қаттиқ ўтмас жисмлар таъсирида, яъни қўл билан уриш, қўл бармоқлари билан қисиб ушлаш ёки шунга ўхшаш ҳолатларда етказилган бўлиши мумкинлиги, одатда бундай жароҳатлар киши соғлиғининг 6 кундан кўп муддатга бузилишига сабаб бўлмаган «енгил шикаст» деб баҳоланиши кўрсатилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Газета.uz»га берган хабарига кўра, ҳозирда Гулистон шаҳрига кириш-чиқишни назорат қилиш учун ташкил этилган блок-постда 13 июль куни хизматни ўтаган вилоят ИИБ ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан вилоят ички ишлар бошқармасига хизмат текшируви тайинланган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари устидан назорат ўрнатилган.

Эслатиб ўтамиз, 10 июль куни Жарқўрғонда судьялар омма олдида обрўсизлантирилгани, суд ходими эса дўппослангани ҳақида хабар берган эдик.