Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сешанба куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида вилоятларда тўртта сектор раҳбарларига (ҳоким, прокурор, ички ишлар бошқармаси ва солиқ бошқармаси бошлиғи) дори воситаларининг уч ойлик захирасини шакллантириш бўйича топшириқ берди. Унинг сўзларига кўра, жойларда дори воситалари қимматлашса, одамларнинг норозилигига олиб келади.

«Қанча маблағ керак бўлса, берамиз. Лекин дори воситалари қимматлашса, одамларимизнинг норозилигига олиб келади. Ана шуни қаттиқ назоратга олиш керак. Яна бир марта айтаман: захирамизда ҳаммаси бор, нима йўқ бўлса — олиб келамиз. Шу билан бирга, жойларга етказиб бериш борасида қийинчиликлар юзага чиқмоқда. Ҳар бир ҳудудда нархлар фарқ қилади. Шунинг учун захира тайёрлаш ва нархларга эътибор қаратиш керак», — деди давлат раҳбари.

Бундан ташқари, президент секторлар раҳбарларига озиқ-овқат бозорларидаги нархларни назорат қилишни ҳам топширди.

«Вилоятнинг тўртта раҳбари ўз ҳудудларида бозорларни назорат қилишлари керак. Ўзбекистонда озиқ-овқат билан ҳеч қандай муаммо йўқ. Худога шукур, ҳозир ҳосил вақти. Аҳолига сифатли ва архон маҳсулот етиб бориши учун чоралар кўриш керак. Қишга тайёргарликни бугунги кундан бошлаймиз», — дея таъкидлади у.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, ҳокимларга эрталаб 8:00 дан 9:00 гача ва кечқурун 21:00 дан 22:00 гача ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг саволларига жавоб беришни топширди.

Президент матбуот хизматининг хабарида қайд этилишича, озиқ-овқат маҳсулотларининг уч ойлик захирасини ташкил этиш бўйича ҳам топшириқ берилди.