Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан янги ташкил этилган Ёшлар ишлари агентлигининг икки нафар директор ўринбосари тайинланди. Бу ҳақда агентликнинг ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Сарвар Ашуров Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

С. Ашуров шу кунга қадар Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар, маънавият ва жамоат ташкилотлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари котибияти мудирининг ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.

Шунингдек, Дилнозахон Каттаханова Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари этиб тайинланди. У Ёшлар иттифоқи раиси ўринбосари, Камалак болалар ташкилоти раиси лавозимида фаолият юритган.

Маълумот учун, 30 июнь куни Ўзбекистон президенти фармони билан ёшлар сиёсати соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширувчи янги орган — Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, президент қарори билан Алишер Саъдуллаев Ёшлар ишлари агентлиги директори этиб тайинланганди.