Ўзбекистон президенти фармони билан ёшлар сиёсати соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширувчи янги орган — Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фармонда агентликнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари белгиланди. Жумладан, агентлик ёшлар билан боғлиқ соҳа ва йўналишларда ягона давлат сиёсати, стратегик йўналишлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади.

Шунингдек, агентлик ҳудудлар кесимида ишсиз ёшлар рўйхатини шакллантиради ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган манзилли чора-тадбирларни амалга оширади. Бундан ташқари, юқори касбий салоҳиятга эга, ташаббускор ва ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этувчи ёш кадрлар захираси шакллантиради.

Фармон билан Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Дастурда, жумладан, Ўзбекистон ёшлари порталини ташкил этиш ва унда ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индекслари ҳамда ёшларга оид қонун ҳужжатлари базасини шакллантириш белгиланган.

Дастурда назарда тутилган тадбирлар агентлик томонидан тўғридан-тўғри ёки нодавлат нотижорат ташкилотларига ижтимоий буюртма шаклида ажратиладиган давлат грантлари ва субсидиялар тақсимлаш орқали молиялаштирилади.