АҚШда 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан сўнг, Қашқадарё вилоятининг Қарши-Хонобод авиабазасига (К2) америкалик ҳарбийлар жойлаштирилган эди. АҚШ мудофаа вазирлиги авиабазага жойлаштирилган ҳарбийлар заҳарли моддалар ва радиация таъсирига учраган бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги махфий маълумотларни эълон қилди, дея хабар берди CNN.

Қарши-Хонобод авиабазасига 2001 йилдан 2005 йилга қадар минглаб америкалик ҳарбийлар жойлаштирилган. Ҳужжатда 2001, 2002 ва 2004 йилларда базадаги экологик хавфни ўрганишга ва уларнинг ҳарбий хизматчилар соғлиғига таъсирига доир текширув натижалари келтирилган. 2001 йилги текширув натижаларида ёзилишича, база атрофидаги тупроқ авиаёқилғи билан ифлосланган. Ўша вақтда экспертлар ифлосланган тупроқ билан ишлашни тақиқлашни тавсия қилган.

Маълумотларда келтирилишича, 2004 йилда лагерда ходимларнинг 10 фоиздан камроғи фон нурланишига дучор бўлган. Аммо шунга қарамай, 100 фоиз ҳарбий хизматчилар «ҳар куни радиацияга учраган» бўлиши мумкинлиги аниқланган. Ҳужжатларга кўра, ҳарбийларнинг базага жойлаштирилишидан олдин ушбу ҳудудда Собиқ Иттифоқ ракеталари йўқ қилинган. Бу эса тупроқнинг уран ва асбест қоришмаси билан тўйинишига олиб келган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, асбестнинг барча турлари ўпка саратонини, мезотелиома ва ўпка фиброзини келтириб чиқаради.

Ушбу ҳужжатлар демократ Стивен Линч ва конгрессмен Марк Грин талабига биноан эълон қилинган. Стивен Линч ушбу ҳужжатларни ошкор қилиш К2 фахрийлари «хизмат вақтида нимага дуч келганини яхшироқ англашлари» ва яхши тиббий хизматдан фойдаланишлари учун зарурлигини таъкидлаган.

«К2 фахрийларида саратонга чалиниш ҳолати бошқа жойларда хизмат қилган ҳамкасбларига қараганда беш баробар кўп учрамоқда, уларнинг аксарияти эса касаллик нафақасини олмайди», — деди конгрессмен Стивен Линч.

Фахрийларнинг айтишича, уларни заҳарланиш хавфи борлиги тўғрисида ҳеч ким огоҳлантирмаган.

Маълумот учун, АҚШ да 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан сўнг, Жорж Буш Марказий Осиё давлатлари раҳбарларига мурожаат қилиб, ўз аэродромларини вақтинча ижарага беришни сўраган. Бу орқали АҚШ Афғонистондаги «Ал-Қоида» террористик гуруҳига тезкор ҳужумларни амалга оширмоқчи бўлган. Ўзбекистоннинг собиқ Президенти Ислом Каримов мурожаатга биринчи бўлиб жавоб қайтарган ва Хонобод аэродроми АҚШ ҳарбийларига фойдаланиш учун берилган эди.