Андижон вилояти Асака туманида 9 ёшли қизчанинг ўлимида қўшни аёл гумон қилинмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Аввал хабар қилинганидек, 21 июль куни тахминан 18:00 да 2011 йилда туғилган қизнинг танаси ўз уйида жонсиз ҳолатда топилган эди. Марҳумнинг кўкрак-қорин соҳасида кесувчи-санчувчи жисмлар орқали 16 та тан жароҳати етказилган. Ҳодиса жойини кўздан кечириш жараёнида мурда ётган хонада буюмларнинг жойлашиш тартиби бузилганлиги, жавон (трюмо) тортмасида бўлган 1,5 миллион сўм пул йўқолганлиги аниқланган.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, марҳума билан қўшни уйда яшаган А. Х. (1997 йилда туғилган, бир фарзанднинг онаси) қотилликда гумондор сифатида жалб қилинди.

«Фожиа содир бўлган куни қизнинг онасини боласига қараб туриш илтимоси уйига таклиф қилган. Қўшнининг уйи қаровсиз қолганидан фойланган аёл ўғрилик мақсадида у ерга кирган ва тортмадан 500 минг сўм пул олаётган вақтида уни 9 ёшли Қ.И. кўриб қолган. Аёл жиноятини яшириш мақсадида ўзи билан олиб чиққан (хонадондаги шкафларнинг қулфини очиш учун) пичоқни қизалоқ танасининг турли жойларига қасддан санчиб, ҳодиса жойидан яширинган», — дейилади хабарда.

Қўшнининг кўрсатмалари ҳодиса жойига чиқиб текширилганда, жиноят қуроли сифатида фойдаланган пичоқ топилган ва тегишли тартибда расмийлаштирилган ҳолда жиноят ишига қўшилган.

Жиноят иши юзасидан гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган бир неча гувоҳлар фожиа содир бўлган вақтда А.Х.нинг қиз яшайдиган уйга уч марта кириб-чиққанини кўришганини айтган.

Жиноят иши бош прокурорнинг шахсий назоратига олинган бўлиб, Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.