25 июнь куни Фарғонада бўлиб ўтган матбуот анжуманида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳудуднинг ижтимоий ҳаётига оид кўплаб саволларга жавоб қайтарди.

Жумладан, Сўхдаги воқеалар ва вилоятдаги ишсизлик ҳақидаги саволларга жавоб берар экан, вилоят ҳокими Чашмадаги ҳолатни Сўх воқеалари деб аталишига қарши эканини билдирди. «Биз қирғизлар билан доимо дўст ва иноқ бўлганмиз. Айни кунларда Сўхда жуда катта ишлар бошланган. Биргина сўхлик ёшларга олий ўқув юртларига кириш учун 500 та квота ажратилганининг ўзи ҳам катта воқеадир. Эртага шу олий маълумотли кадрлар туманга келиб, меҳнат қилади. Тараққиётига ўз ҳиссасини қўшади. Туманда ҳозирга қадар 2500 дан ортиқ ишсизларнинг бандлигини таъминлашга эришилди», — деди вилоят ҳокими.

«Ишсизлик ҳар қадамда учраши мумкин. Ҳаётда бировга юким тушмасин, дейдиганлар ҳам кўп. Асосийси, иш ва даромад топиш инсонни ўзига боғлиқ. Яқинда интернетда Фарғона вилоятида 84 мингдан ортиқ ишсиз хотин-қизлар бор, деган хабар тарқалди. Аммо бу ҳеч қандай асосга эга эмас. Ишсизликни бартараф этиш, бу — камбағалликни қисқартириш, деганидир. Вилоятимизда ҳар йили 60−65 минг ёшлар меҳнат бозорига кириб келмоқда. Демак, олдимизда катта вазифалар бор», — дея таъкидлади Шуҳрат Ғаниев.

«Маддоҳлик бажармаган ишни гапиришдир. Менинг ўз принципим бор. Кам гапириб, ишда ўзини кўрсатиш керак. Қайсидир ишни бажариб ташлайман, деган ваъдаларга ишонмайман. Барча ишлар сўзда эмас амалда бўлиши керак», — деди вилоят ҳокими маддоҳлик ҳақидаги саволга жавоб берар экан.

Шунингдек, вилоят раҳбарига пора таклиф қилиш билан боғлиқ савол ҳам бўлди.

«Агар мен пора олганимда шунча муддат вилоят раҳбари бўлиб ишламас эдим. Хулоса ўзингиздан» — дея жавоб берди вилоят ҳокими.

Обуна даври ҳақида тўхталар экан, Шуҳрат Ғанив мавсум арафасида вилоят ҳокимлигига марказий газета ва журналлардан жуда кўплаб хатлар келиши, уларнинг барчасида ёрдам бериш сўралишини таъкидлади. «Мен умуман мажбурий обунага қаршиман. Биз маҳаллий ҳокимликларга, ташкилот ва корхоналарга тавсия беришимиз мумкин. Биз тарғибот ишларида матбуот вакилларига доимо кўмак бериш ва ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Агар газетада таҳлилий мақолалар кўп бўлса, ўқувчиси ҳам кўп бўлади. Ўзи ихтиёрий обуна бўлади», — деди Шуҳрат Ғаниев.