Транспорт вазирлиги бир қатор хорижий мамлакатлар билан мунтазам авиақатновларни тиклаш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот котиби Наврўз Ашурматов 23 июнь куни АОКА штабида ўтказилган брифингда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Туркия, Россия, БАА, Жанубий Корея, Хитой ва Қозоғистон давлатлари билан июль-август ойлари давомида дастлабки босқичда халқаро йўналишларда паритет тамойили асосида (қатновлар сони икки томондан ҳам бир хил бўлиши) ҳар бир томондан мунтазам парвозларни тиклаш бўйича таклифлар Республика махсус комиссиясига тақдим этилган.

Наврўз Ашурматов қўшимча қилишича, халқаро йўналишлар бўйича мунтазам парвозларни тиклаш тиклаш ва амалга ошириш давлатларда кузатилаётган эпидемиологик ҳолат ҳамда хорижий мамлакатларда қўйилган чеклов чоралари, виза бериш тартиби ва санитария талабларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

«Авиапарвозларнинг қачон ва қай тартибда тикланиши бўйича Республика махсус комиссиясининг алоҳида қарори қабул қилиниши лозим», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалиши хавфи туфайли 16 мартдан бошқа давлатлар билан транспорт алоқалар тўхтатилганди. 15 июндан бошлаб эса Ўзбекистон санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлган давлатларга халқаро авиақатновларни тиклаши ҳақида хабар берилганди.

Бунда, Санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлган (яшил рейслар) Япония, Жанубий Корея, Хитой Халқ Республикаси ва Исроил давлатларидан (охирги 14 кун ушбу мамлакатларда бўлиб турган) кириб келган шахслар карантин назоратига олинмайди. Коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камайган (сариқ рейслар) Европа Иттифоқи, Малайзия, Таиланд, Сингапур давлатларидан (охирги 14 кун ушбу мамлакатларда бўлиб турган) кириб келган шахслар 14 кун давомида уй карантини назоратига олиниши кўзда тутилган.