Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия пойтахти Москвада бўлиб ўтган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тантанада иштирок этди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, мазкур тадбирда мустақил Ўзбекистон президенти ҳамда мамлакат ҳарбийлари илк бор иштирок этди.

Бўлиб ўтган парадда 13 та давлатдан 225 та ҳарбий техника, 14 минг аскар ва офицер қатнашди. Шунингдек, осмондан 55 самолёт ва 20 та вертолёт учиб ўтди.

«Пандемия бутун дунёга ўз таъсирини кўрсатаётган ҳозирги оғир шароитда давлатимиз раҳбарининг бундай тадбирда иштирок этишининг ўзи аждодларга хос қаҳрамонлик ифодасидир. Экспертлар фикрига қараганда, мустақил Ўзбекистон Президентининг илк бор қатнашиши параднинг нуфузини сезиларли даражада оширади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтилганидек, бу йил Россия пойтахти Москва шаҳрида Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тантанали тадбир 9 май куни ўтказилиши режалаштирилган эди. Аммо коронавирус пандемияси сабабли уни ташкиллаштириш кейинги муддатларга сурилди. 1945 йилда Ғалабанинг биринчи марказий паради 24 июнь санасида ўтказилгани боис жорий йил ҳам бундай тантана учун айнан шу кун танланди.

Параддан кейин, Шавкат Мирзиёев Москва шаҳрининг Александр боғидаги «Номаълум аскар» ёдгорлигига гул қўйди.

Фото