Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 19 июнда бўлиб ўтган бешинчи ялпи мажлисида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик учун жарималарни оширишни кўзда тутувчи ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун маъқулланди.

Унга кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан, вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келса, айбдор базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача миқдорда жаримага тортилиши белгиланмоқда.

Агар болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилинса, БҲМнинг 25 бараваригача миқдорда жарима белгиланиб, жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун президент томонидан имзоланиши керак.

Болаларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича мажбуриятларни бажармаганлик учун жарималарни ошириш таклифи ўтган йилнинг декабрь ойида Бош прокуратура томонидан илгари сурилган эди.