Устав фонди (капитали)да давлат улуши бўлган юридик шахслар, халқаро стандартларга мувофиқ, давлат молияси статистикаси бўйича ҳисоботларни тақдим этади. Бу ҳақдаги талаб Молия вазирлигининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойланган тегишли қарори лойиҳасидан ўрин олган.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, давлат улуши бўлган корхоналар йиллик ва чорак ҳисоботида актив ва пассивлар балансини (даромадлар ва харажатлар), активлар ва мажбуриятлар бўйича операциялар (кредитлар ва қарздорлик), номолиявий активлар (ерлар, бинолар, автомобиллар ва бошқалар), шўъба ва қарам хўжалик жамиятлари ҳамда бошқа юридик шахсларга киритилган инвестициялар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.

Ҳужжат лойиҳасига асосан муайян корхоналар Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтидаги — солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали мустақил равишда давлат молияси статистикаси объекти сифатида ҳисобда турадилар.

2020 йилда 2017 — 2019 йилларга мўлжалланган давлат молияси статистикаси бўйича йиллик ҳисоботи ҳам тақдим этиш режалаштирилмоқда. Уларда давлат улуши бўлган корхоналар томонидан операциялар тўғрисида ҳисобот ҳамда шўъба ва қарам хўжалик жамиятлари ва бошқа юридик шахсларга киритилган инвестициялар тўғрисида маълумотлар кўрсатилади.

Қарор лойиҳасига мувофиқ, мазкур талабларни бузган шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

Карор лойиҳаси муҳокамалари 2 июлга қадар давом этади.