17 март куни Вазирлар Маҳкамаси «Тошкент шаҳрида Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар университети филиалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорнии қабул қилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Қарорга мувофиқ, мазкур университетнинг (TOBB ETU) Тошкентдаги филиали нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланиб, унда таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади.

Филиалнинг асосий вазифаларидан бири иқтисодиёт тармоқларига инновацияларни жорий этишни рағбатлантириш, илмий тадқиқот натижаларини тижоратлаштиришни кенгайтириш, таълим олувчиларнинг инновацион ғояларини амалга ошириш учун инвестицияларни жалб қилишдан иборат бўлади.

«Дунё» ахборот агентлигининг хабарига кўра, университетни ташкил этиш масаласи 11 июнь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва турк университети раҳбарияти билан бўлган видеоанжуманда муҳокама қилинган.

Аввалроқ, 4−7 март кунлари Ўзбекистон делегацияси Анқара шаҳрига ташрифи давомида Тошкент давлат иқтисодиёт университети негизида филиал очиш масаласини муҳокама қилганди.

Маълумот учун, Туркия Савдо-саноат палаталари ва биржалар иттифоқи Иқтисодиёт ва технологиялар университети (TOBB ETU) 2002 йилда ўз фаолиятини бошлаган ва бугунги кунда мамлакатнинг энг нуфузли университетлардан бири ҳисобланади. Университет тадбиркорлик ва халқаро бизнес соҳасида кадрлар тайёрлайди.

2018 йилда университет 2000 йилдан бери ташкил этилган «2018 йилнинг ёш университетлари: Мингйиллик университетлар» рейтингида дунёнинг энг яхши университетлари орасида 32-ўринни эгаллаган.