1 апрель ҳолатига, Ўзбекистон ҳукумати номидан ва давлат кафолати остида жалб қилинган қарз қолдиғи дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 18,2 млрд АҚШ доллари эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 31,3 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Молия вазирлиги 2020 йилнинг I чораги бўйича мамлакатнинг Давлат қарзи ҳолати ва динамикаси бўйича шарҳида маълум қилди.

Хусусан, I чоракда давлат ташқи қарзи 0,5 млрд АҚШ долларига ёки йил бошига нисбатан 2,9 фоизга ошиб, 1 апрель ҳолатига 16,11 млрд АҚШ долларига ёки ЯИМга нисбатан 27,7 фоизга етди. Бунда, ҳукумат номидан жалб қилинган ташқи қарз — 10,9 млрд ва Ҳукумат кафолатлаган ташқи қарз — 5,2 млрд АҚШ доллари тенглиги маълум қилинди.

Давлат ички қарзи эса 20,01 трлн сўмни (2,1 млрд АҚШ доллари) ёки ЯИМга нисбатан 3,6 фоизни ташкил этди. Шундан ҳукумат номидан жалб қилинган ички қарз — 1,7 трлн сўм (0,2 млрд АҚШ доллари) ва ҳукумат кафолатлаган ички қарз — 18,3 трлн сўм (1,9 млрд АҚШ доллари).


Манба: Молия вазирлиги

Молия вазирлигининг изоҳлашича, давлат қарзининг сўнги йиллардаги ўсиши динамикасига қарамай, халқаро меъёрларга кўра Ўзбекистон давлат қарзи (ЯИМга нисбатан 31,3 фоиз), шу жумладан давлат ташқи қарзи (ЯИМга нисбатан 27,7 фоиз) мўътадил даражада сақланиб қолмоқда.

Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармасининг Қарз барқарорлиги таҳлилига кўра, ўзининг иқтисодий салоҳияти бўйича Ўзбекистоннинг давлат қарзига хизмат кўрсатиш салоҳияти кучли ҳисобланади ва ушбу мамлакатларда давлат ташқи қарзи учун меъёр Ялпи ички маҳсулотнинг 50% гача ташкил этиши мумкин. Шунингдек, мамлакатнинг қарзни тўлай олиш салоҳиятининг умумий индикатив кўрсаткичи (СI) 3,1 бирликдан 3,2 бирликка кўтарилди.


Манба: Молия вазирлиги

Давлат қарзининг ўсишини шакллантирувчи асосий омиллар

Шарҳда таъкидланишича, 2020 йил биринчи чорагида давлат қарзи қолдиғининг ўсишини шакллантирувчи асосий омиллар қуйидагилар ҳисобланади:

  • Ўзбекистон ҳукумати номидан имзоланган ташқи қарз битимлари доирасида ўзлаштирилган маблағлар қолдиғи 200 млн АҚШ долларига,
  • Давлат кафолати остида имзоланган ташқи қарз битимлари доирасида ўзлаштирилган маблағлар қолдиғи 400 млн АҚШ долларига;
  • 700 млрд сўм миқдорида давлат қимматли қоғозлари чиқарилиши ҳамда 250 млрд сўмгa тенг ички қарздорлик сўндирилиши натижасида давлат қимматли қоғозлари қолдиғи 450 млрд сўмга ошди.

Манба: Молия вазирлиги

Давлат қарзининг таркиби

Вазирликнинг таъкидлашича, давлат ташқи қарзи, асосан инфратузилма, санаот ва қишлоқ ҳўжалиги лойиҳаларига йўналтирилмоқда.

Хусусан, 2020 йилнинг январь-март ойлари якуни бўйича жами давлат ташқи қарзининг 30 фоизи ёки 4,8 млрд АҚШ доллари энергетика соҳасига, 13 фоизи ёки 2,1 млрд АҚШ доллари транспорт ва транспорт инфратузилмасига, 11 фоизи ёки 1,8 млрд АҚШ доллари сув таъминоти, канализация ва бошқа уй-жой коммунал инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилган маблағлар ҳиссасига тўғри келади.

Манба: Молия вазирлиги

Давлат корхоналари йирик инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий сармоялар жалб этган ҳолатларда халқаро инвесторлар ёки халқаро молия ташкилотлари ўз сармояларининг хавфсизлиги таъминлаш мақсадида давлат кафолатини талаб этадилар.

Хусусан, 2020 йилда берилган давлат кафолатлари «Тўпаланг» ГЭСни модернизация қилиш (34,2 млн евро), «Қуйи чотқол» ГЭСни қурилиши (38,8 млн евро), Дарғом каналида Боғишамол 2-кичик ГЭС қурилиши (28,3 млн евро), давлат ташқи қарз битимлардан Наманган шаҳри, Наманган вилоятининг Заркент ва Ходикент туманларининг сув таъминоти ва оқава сув тизимларини модернизациялаш лойиҳаси (53,4 млн АҚШ доллари)ни молиялаштиришга йўналтирилган.


Манба: Молия вазирлиги

Умуман олганда, бугунги кунда давлат ташқи қарзи қолдиғининг 70 фоизи ёки 11,2 млрд АҚШ доллари давлат бюджети ҳисобидан эмас балки, инвестицион лойиҳаларга жалб қилинган маблағларни ташкил этиб, ушбу қарздорлик лойиҳаларни амалга оширишдан тушган маблағлар ҳисобидан қопланади. Мазкур кредитларнинг катта қисми узоқ муддат ҳамда имтиёзли фоиз ставкаларида тақдим этилган.


Манба: Молия вазирлиги

Молия вазирлиги шарҳида таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан қарз маблағларини жалб қилишда консерватив ёндашувга ва хатарларни бошқариш тамойилларига амал қилади.

Ўзбекистон Давлат ташқи қарзи портфели валюта таркибининг 67,1 фоизи — АҚШ доллари, 12,5 фоизи — япон иенаси, 9,7 фоизи — SDR (махсус қарз олиш ҳуқуқлари), 6,6 фоизи — евро, 4,0 фоизи — бошқа валюталардаги ташқи қарз ҳиссасига тўғри келади.


Манба: Молия вазирлиги

Давлат қарзини самарали бошқариш чоралари

Молия вазирлиги Давлат ташқи қарзининг Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси билан ҳамкорликда 2020−2022 йиллар учун «Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзини бошқариш стратегияси» ишлаб чиқилди. Мазкур стратегия ҳар йили республиканинг макроиқтисодий ривожланиши ҳамда давлат бюджети параметрларидан келиб чиқиб қайта кўрилиши назарда тутилган.

Кўп сценарийли прогноздан келиб чиқиб амалга оширилган ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон давлат қарзининг макроиқтисодий барқарорлик учун хавфсиз даражаси ЯИМга нисбатан 50 фоизни ташкил этмоқда.

Давлат қарзининг хавфсиз даражасидан келиб чиқиб Ўзбекистон ҳукумати номидан ва унинг кафолати остида имзоланадиган ташқи қарз битимларининг йиллик энг юқори миқдори (4 млрд доллар) аниқланди ва 2020 йил учун Ўзбекистоннинг «Давлат бюджети тўғрисида» ги Қонуни билан тасдиқланди.

Стратегия доирасида давлат қарзини диверсификациялаш мақсадида давлат бюджети дефицитини, аввало, давлат қимматли қоғозларини ички бозорда жойлаштириш орқали қоплашга ҳаракат қилинмоқда.

Хусусан, ички бозорда жойлаштирилган давлат қимматли қоғозлари 2018 йилдаги қарийб 600 млрд сўмдан 2019 йилда 1,6 трлн сўмгача ошди. 2020 йил бошидан эса 700 млрд сўмга тенг давлат қимматли қоғозлари чиқарилди. Давлат бюджетини дефицитини имкон қадар ички қарз ҳисобидан қоплаш мақсадида Молия вазирлиги АҚШ Ғазначилиги ва Осиё тараққиёт банкининг мутахассислари билан биргаликда мамлакатда ички капитал бозорни ривожлантириш устида иш олиб борилмоқда.

«Аукцион натижалари миллий валютадаги минимал рискга эга бўлган молиявий инструментларга нисбатан юқори талаб сақланиб қолаётганини акс эттириб, молия бозори иштирокчилари томонидан давлат қимматли қоғозлари юқори ликвидли ва ишончли инвестиция инструменти сифатида қаралаётганини кўрсатади», — дейилади шарҳда.

Вазирлик давлат қарзини жалб қилиш ва ишлатилиши бўйича шаффофликни таъминлаш чоралари кўрилаётганини ҳам таъкидлаган. Хусусан, давлат қарзи ҳисобидан молиялаштирилган ва якунланган барча лойиҳалар мажбурий тартибда Ҳисоб палатаси томонидан аудитдан ўтказилади, ОАВ ва Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида муҳокама қилиниши белгиланган.

Шу билан бирга, давлат қарзини самарали бошқариш мақсадида инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришга давлат корхоналарининг мустақил равишда инвестициялар жалб қилиш салоҳиятини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Айнан мана шу вазифани амалга ошириш учун 2018 йилда суверен халқаро кредит рейтинг олинган ҳамда илк маротаба суверен халқаро облигациялар чиқарилиб бэнчмарк яратилди.

Бунинг натижасида, мамлакатда фаолият юритаётган давлат корхоналари ва банклари мустақил равишда халқаро молия бозорларига чиқиш учун имконият яратилган. 2019 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон саноат-қурилиш банки илк маротаба ўз халқаро облигацияларини халқаро молия бозорларида жойлаштирди.

Хусусан, бугунги кунда иккиламчи бозорда Ўзбекистоннинг 5 ва 10 йиллик суверен халқаро облигацияларининг нархлари мос равишда ўз номинал қийматига нисбатан 106−107% ва 110−111% даражасида сақланиб қолмоқда.


Манба: Молия вазирлиги

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ S&P кредит рейтинги нимани англатиши ва у қандай мақсадларда ишлатилиши ҳақида таҳлилий мақаола берилганди.

Шунингдек, Молия вазирлиги 2020 йил I чорак якунлари бўйича Давлат бюджети ижроси тўғрисида ахборот таҳлилий шарҳни тақдим этганди.