Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Расул Кушербаев ўзининг Телеграм-каналида Андижонда ИИБ ходимлари томонидан фуқаронинг ноқонуний қамоққа олиниши, қийноққа солиниб, ўлимига сабабчи бўлгани юзасидан муносабат билдирди.

«Турли ахборот манбаларида берилаётган қийноқлар билан боғлиқ маълумотлар бу каби салбий иллатлар афсуски тизимда узоқ йиллар давом этиб бугунги кунларга ҳам уланиб кетаётганлигини кўрсатмоқда: самарқандлик аёлнинг ечинтирилиши, ички ишлар биносида одамнинг ўлиб қолиши, андижонлик фуқаронинг қийноқларга солиниши, Бош прокуратура терговчиларининг „Бекобод иши“ доирасида одамларни шавқатсиз қийноққа солиши ва куни кеча Андижонда қийноқлар оқибатида бир инсоннинг ўлиши аслида инсон ҳуқуқларини таъминлашни бўйнига олган идораларнинг айрим „психологик бузилган“ шахсларидан оддий одамларни ҳимоя қиладиган алоҳида кучли тузилма зарур бўлиб қолганлигини кўрсатмоқда. Балки омбудсман ваколатларини ошириш керакдир. Билмадим…» — деб ёзди депутат.

«Энг қизиғи тизимга нисбатан ижодий пародия қилган ижодкорларни ҳам кечирим сўраттириш даражасига етиб келган „фаришта“ тизим раҳбарияти ўз ходимлари қонунбузилишининг оғир кўринишларига йўл қўйганда ҳам ҳокисор халқ олдида ҳеч бўлмаса бир бор кечирим сўрамаса. Манманлик ва кибр ҳам шунчаликми, ахир уларга ваколат берган, кўкларга кўтариб сийлаган шу халқ эмасми? Ваҳоланки тизимни кулгуга олган ижодкорлар ҳам, танқид қилаётган бошқалар ҳам улар каби „одам ўлдириш“ даражасига боришмаяпти», — дея давом эттирди Расул Кушербаев.

Депутат ҳар бир тизимдаги камчилик ёки ютуқ бевосита ушбу соҳага раҳбарлик қилаётган шахсларнинг қобилияти, халққа садоқат, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида ишни ташкил қила олишига боғлиқ эканини таъкидлар экан, жамоатчиликка маълум бўлиб қолаётган сўнгги воқеалар (аслида бундан ҳам кўп бўлиши мумкин) ички ишлар тизимига раҳбарлик қилиб келаётган шахсларнинг фаолиятига бўлган ёндошувни қайта кўриб чиқишни тақазо этаётганини таъкидлади. «Ҳозирги вазиримизни халқпарвар, деб эшитганман. Аммо бўлиб ўтган ҳолатлар уларнинг истеъфо вақти етиб келганини кўрасатаяпти», — деди у.

У амалдаги ички ишлар вазирини халқ олдида тизимнинг обрўси тушиши, одамларнинг эътирозлари, ходимларнинг босар-тусарини билмай ИИБда қийноқ, ўлдириш каби ишларни «табиий ҳолга айланиб» боришида энг минимал даражада бўлса айбдор эканини таъкидлади. У бу каби салбий ҳолатлар тўғрисида уларнинг раҳбарлик даврида кўпроқ эшитилаётганини айтиб ўтди.

«Бизга халқ берган ваколат, Президент билдирган ишончни инсон ҳуқуқларини бузиш эмас, таъминлаш йўлида ишлатиб, халқни рози қилиш учун меҳнат қиладиган „тили ва иши бир“ қонун ҳимоячилари керак», — дея ўз муносабатига якун ясади депутат.