Республика махсус комиссияси қарорига кўра, «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратилган ҳудудлар ўртасида санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда қуйидаги поездлар қатнови тикланишига рухсат берилди.

Хусусан, қуйидаги рейслар тикланади:

  • Тошкент — Бухоро — Тошкент;
  • Тошкент — Термиз — Тошкент;
  • Тошкент — Хива — Тошкент;
  • Тошкент — Нукус — Тошкент;
  • Андижон — Хива — Андижон;
  • Андижон — Бухоро — Андижон;
  • Андижон — Термиз — Андижон.

Транспорт вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан биргаликда ҳудудлардаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб поездлар қатнов режасини белгилаб боради.

Шунингдек, Тошкент-Самарқанд-Тошкент йўналиши бўйича санитария-эпидемиологик талабларга қатъий риоя этган ҳолда «Афросиёб» поездларининг қатновлари йўлга қўйилишига рухсат берилди.

Юқоридагилар билан бир қаторда автотранспорт воситаларида ёлғиз ҳаракатланаётган ҳайдовчига тиббий ниқобдан фойдаланмасликка рухсат берилди, дейилади комиссия хабарида.