Ўзбекистонда бир кунда 105 нафар киши коронавирус касаллигидан фориғ бўлди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Хусусан, пойтахтдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 50 нафар, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида 18 нафар, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида 9 нафар, 3-сонли туғруқ мажмуаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида 1 нафардан бемор соғайди. Шунингдек, Самарқанд вилоятида 9 нафар ва Навоий вилоятида эса 17 нафар бемор тузалди.

️Ҳозирга қадар мамлакатида коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони 3637 нафарга етди. Бу кўрсаткич инфекция аниқланган беморларнинг 76 фоизи соғайганлигини билдиради. 11 июнь соат 16:30 ҳолатида жами тасдиқланган ҳолатлар 4717 тани ташкил этишини ҳисобга олсак, айни пайтда тиббиёт муассасаларида 1080 нафар COVID-19 бемори даволанмоқда.