Тошкентда 26 ёшли эркакни ўлдирганликда гумон қилинаётган 17 ёшли сартарош қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

5 июнь куни тахминан 00:00 да Яшнобод туманида Иван А. (1994 йилда туғилган, ишсиз, аввал судланмаган) ва А. Б. (1989) уй олдида ўтирар экан, шу жойдан ўтиб кетаётган танишлари З. Н. (1985) ва И. Й.ни (2003, сартарош, аввал судланмаган) ҳақорат қилади ва натижада жанжал келиб чиқади. Бош прокуратура маълумотларига кўра, И. Й. сартарошлик қайчисини чиқариб, Иваннинг кўкрагига бир марта зарба бериб, уни қасддан ўлдиради.

Яшнобод туман прокуратураси И. Й.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) моддаси бўйича жиноят иши қўзғатди. Айбланувчи қўлга олинди.

Аввалроқ ўзини марҳумнинг дўсти деб таништирган эркак ижтимоий тармоқларда ҳодиса тафсилотлари ҳақида маълум қилган эди.