Шанба куни Ўзбекистонда 87 кишида коронавирус инфекцияси аниқланиб, жами ҳолатлар сони 4094 тага етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, янги ҳолатларнинг 62 таси карантин муассасаларидаги фуқаролар, 20 таси аҳоли орасидан ва 5 таси халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида аниқланган.

Аҳоли орасида касалланиш ҳолати 4 июнь куни 13 нафар, 5 июнь куни 17 нафар бўлган бўлса, шанба куни 20 нафарни ташкил этиб, сўнгги уч кун ичида энг юқори кўрсаткични қайд этмоқда. Шунингдек, шанба куни коронавирус аниқланган бир бемор ҳаётдан кўз юмиб, ушбу инфекциядан вафот этган сони 17 нафарга етди.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳридаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 21 нафар фуқаро соғайиб чиқишди.

️Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 4094 нафар бемордан 3268 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 79 фоизни ташкил этмоқда.

️Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 809 нафар бемордан 10 нафари оғир, 3 нафари эса ўта оғир аҳволда.

️Шу кунгача жами 438 602 нафар фуқаро карантинга олинган бўлиб, уларнинг 394 310 нафари карантиндан чиқарилган.

️Ҳозирда мамлакатимизда уй карантинида 23 313 нафар, стационар карантинда эса 20 979 нафар фуқаро тиббий кузатувда