Бу йил баҳорнинг охири Ўзбекистонда жуда иссиқ келди. Майнинг охирги ҳафтасида ҳаво ҳарорати 26−38 даражагача, жанубда 40 даражагача кўтарилди, деб ёзмоқда Ўзгидромет матбуот хизмати.

Энг юқори ҳароратлар Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида кузатилди, бу ҳудудларда ҳаво 40−42 даража, чўл зонасида айрим жойларда 43−44 даражагача қизиди. Бу май учун хос бўлган кўрсаткичлардан 5−7 даражага, шимолда 8−10 даражага юқоридир.

Ўзбекистоннинг шимолида янги ҳарорат рекордлари ўрнатилди. Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятининг кўпчилик метеорологик станциялари маълумотларига кўра, бу йилги май ойининг охирида қайд этилган бундай юқори ойлик ҳарорат аввал кузатилмаган. Республиканинг кўпгина минтақаларида айрим кунларда кунлик ҳарорат максимумлари қайд этилди.

«Ёз фасли учун аниқ об-ҳаво прогнозларини сизга ҳеч ким бермайди ва бу синоптикларнинг „ёмон“ ишлаши билан боғлиқ эмас. Шунчаки, бутун иқлимий тизим хаотик бўлиб, узоқ муддатга аниқ прогнозлар беришнинг имкони йўқ. Бугунги кунда тайёрланаётган мавсумий прогнозлар тахминий тавсифга эга ва умуман олганда, мавсумга баҳо бериш учун фойдаланилади ва „бу даврда ўртача ҳарорат меъёрдан юқори ёки паст бўлади, ёққан ёғинлар миқдори ҳам меъёрдан кўпроқ ёки камроқ бўлади“, деган кўринишда бўлади», — дейилади хабарда.

Бу йил мавсумий прогнозлар ишлаб чиқиш билан шуғулланадиган Жаҳон об-ҳаво марказлари маълумотларига кўра, кириб келган ёзда сайёрамизнинг катта қисмида ҳароратнинг мусбат аномалияси (яъни, меъёрдан юқори ҳарорат) билан боғлиқ циркуляция режимларининг устун келиши кутилмоқда.

Ўзгидромет Шимолий Евроосиё иқлимий марказига аъзолик доирасида мавсумий прогнозлар тайёрлашда иштирок этади. Ҳар йили қиш ва ёз мавсумлари бошланишидан олдин ушбу марказда минтақадаги барча гимдрометхизматлар мутахассисларининг форумлари ўтказилади. Ушбу форумларда бутун Шимолий Евроосиё ҳудуди бўйича кириб келаётган қишки ёки ёзги мавсумлар учун прогнозлар ишлаб чиқилади.

Бундай прогнозлар энг замонавий иқлимий маълумотлар ва прогностик маҳсулотлар таҳлилига асосланиб, унда барча иштирокчи давлатлар вакилларининг фикрлари эътиборга олинади. Шу боис прогноз консенсус (маслаҳатлашиш жараёнида келишилган) прогноз деб юритилади.

Бу йил юзага келган эпидемиологик вазият туфайли Шимолий Евроосиё иқлимий марказининг форуми 19−20 май кунлари онлайн режимда ўтказилди.

Консенсус прогнозга кўра, 2020 йил ёзда Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистонда, Қозоғистоннинг жанубий, ғарбий, шарқий минтақаларида 40% эҳтимол билан ҳарорат фонининг меъёрдан юқори бўлиши кутилмоқда.

«Агар умумий тенденциялар тўғрисида гапирадиган бўлсак, ёзнинг иссиқ бўлиши тўғрисидаги прогноз ҳозирда биз кузатаётган вазиятни тасдиқламоқда. Охирги йилларда глобал исиш тенденциясининг давом этиши муносабати билан иссиқлик тўлқинларининг сони ва жадаллиги ортиб бормоқда. Ўтган 2019 йил тарихда энг иссиқ йиллар ичида 2016 йилдан кейин иккинчи ўринни эгаллади», — дейилади Ўзгидромет хабарида.

Яқинда ўтган барча йиллар ҳам бутун асбоб-ускуналар билан кузатув даври учун энг иссиқ топ-5 ёки топ-10 га кирган.

Таъкидланишича, бу йилги ёз ушбу қаторга кирмайди, деб тахмин қилишга ҳеч қандай асос йўқ. «Шунинг учун бу йилги ёз иссиқ бўлиши эҳтимолга яқин, бироқ иқлимий тизим хусусиятларини эътиборга оладиган бўлсак, бу 100 фоизли прогноз эмас», — дея қайд этди матбуот хизмати.

Бундан ташқари, ўртачалаштирилган умумий тавсиф мавсум давомида қандай муайян ҳарорат қийматлари кузатилиши тўғрисида тасаввур бермайди. Ёзнинг уч ойи давомида иссиқ ҳароратнинг сустлашиши ёки бир ой жуда иссиқ бўлиб, қолган икки ой давомида ҳарорат меъёрга яқин бўлиши мумкин. Шундай қилиб, иш ҳафтаси давомида ҳарорат кўтарилиб, 38−40 даражага, мамлакат жануби ва чўл зонасида айрим жойларда 43 даражагача етади. Дам олиш кунлари ҳарорат бироз пасаяди.