Монополияга қарши курашиш қўмитаси «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан бензин маҳсулоти импортига акциз солиғини 5 фоиздан 20 фоизга ошириш юзасидан муносабат билдирди.

Унга кўра, қўмита нефть маҳсулотлари учун акциз солиғи деярли барча давлатларда қўлланилиши ҳақида маълум қилди. Шу билан бирга, истеъмолчилар манфаатлари устуворлигини таъминлаган ҳолда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида импорт бензиннинг акцизини кўтармасдан, балки маҳаллий бензин учун акциз солиғига имтиёз қўлланилган хорижий тажрибани кўмита мисол тариқасида келтириб ўтган.

Бунда, Белоруссияда 28 февралдан 31 декабрга қадар маҳаллий бензин ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган бензинни реализация қилганда, акциз солиғи тўловчиларига 0,25 коэффициент миқдорида имтиёз қўлланилиши белгиланган.

Шунингдек, Қозоғистонда бозорда бензин дефицитини олдини олиш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган бензин нархини арзон ушлаш мақсадида аввал импорт бензин учун акциз солиғи маҳаллий бензинга нисбатан деярли уч баравар кам бўлган. Лекин, 2018 йилдан бошлаб бозор иштирокчиларига тенг шароит яратиш мақсадида акциз миқдори тенглаштирилди.

«2020 йилга қадар „Ўзбекнефтгаз“ АЖнинг нефтни қайта ишлаш корхоналарида бир қатор имтиёз ва преференциялар қўлланиб келинган», — дейилади қўмитанинг хабарида.

Монопол корхона ҳисобланган Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводлари май ойидан нархни шакллантириш бўйича қўлланиб келинган чекловлардан озод этилди. Эндиликда нархлар биржа савдоларида талаб ва таклифдан келиб чиқиб шакллана бошлади.

Шу ўринда, «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан импорт нефть маҳсулотларининг акциз солиғини оширилиши бўйича Энергетика вазирлигига киритилган таклиф етарлича иқтисодий асослантирилмаган, дея таъкидлайди қўмита.

Ушбу сабаблардан келиб чиқиб, Монополияга қарши курашиш қўмитаси соғлом рақобат муҳитининг таъминланиши ва истеъмолчилар манфаатларини кўзлаган ҳолда акциз солиғини оширилиш мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблашини билдирди.

Шунингдек, Молия вазирлиги ҳам бу масала бўйича қўшимча маълумот берди. Унга кўра, ҳозирда мамлакатда ишлаб чиқарилган ва импорт қилинадиган нефт маҳсулотлари акциз солиғи ставкалари бир хил эмаслиги таъкидланди.

«Агар бензин ишлаб чиқарувчилари АИ-92 русумли 1 тонна бензин учун 250 минг сўм акциз солиғи тўласалар, импорт қилувчилар ушбу бензин маркаси божхона қийматининг 5 фоиз миқдорида акциз солиғи тўлагани учун бюджетга 121 500 сўм ўтказади», — дейилади Молия вазирлигининг хабарномасида.

Маълум қилинишича, Молия вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда импорт ва нефт маҳсулотлари ишлаб чиқаришда акциз солиғининг ягона ставкасини белгилаш масалалари ишлаб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан маҳаллий нефтни қайта ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида бензин маҳсулоти импортига акциз солиғини 5 фоиздан 20 фоизга ошириш таклифи билан чиққанди.