Коронавирус пандемияси даврида Бухоро вилоятидаги инқирозга қарши курашиш жамғармасига ажратилган пул маблағларининг мақсадли сарфланиши ўрганилди, дея хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Ўрганишлар жараёнида жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш ҳолати аниқланган.

Хусусан, Бухоро вилоят санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази марказ бош врачи Б.Б. ва врач-дезинфекционисти А.Ҳ. А.Ҳ.нинг ўзи таъсисчи бўлган «V-S» МЧЖ орқали 395,4 млн сўмлик 14,9 тонна гипохлорид кальций дезинфекция воситасини 600 млн сўмга, яъни 204,6 млн сўмга қиммат нархда харид қилган. Ваҳоланки пандемея шароитида дезинфекция воситаларини харид қилишда маҳсулотларни мақбул нархларда етказиб берувчи корхоналар билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш имконияти берилган бўлган.

Текширув давомида бош врач Б.Б. томонидан 202,5 млн сўм зарар қопланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Б.Б. ва А.Ҳ.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.