Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қўнғирот, Элликқалъа ва Тошкент туманлари бўлимлари томонидан учта туманда ўтказилган терговга қадар текширувларда мансабдор шахслар томонидан жами 564 млн сўмлик пул ва мол-мулклар талон-тарож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Жумладан, Қўнғирот туманида «И.» МЧЖ таъсисчиси А.И. туман ҳокимияти балансида бўлган қурилиши тугалланмаган умумий қиймати 390,6 млн сўм бўлган меҳмонхона биносини 705 млн сўм инвестиция киритиш, 550 ўринга мўлжалланган таълим марказини ташкил этиш ва янги иш ўринларини яратиш мажбуриятини олган ҳолда «ноль» қийматда харид қилган. Бироқ амалда шартнома шартларини бажармасдан, ушбу бинони бузиб, қурилиш материалларини ўз шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборган.

Элликқалъа туманида эса қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи мансабдор шахслари тумандаги «Э.С.Қ.» МЧЖтомонидан коллеж биносида таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилмаган бўлишига қарамасдан, расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритишиб, 59,6 млн сўм бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.

Шунингдек, Тошкент туманидаги «О.Коммуналчи» ва «К.Коммуналчи» хусусий уй-жой мулкдорлар ширкатлари собиқ раҳбари Ш. А. ва ҳисобчиси Э.Г. 2018−2019 йиллар давомида ушбу ширкатлар аъзоларидан коммунал тўловлари учун йиғилган 113,8 млн сўм маблағларни банк ҳисоб рақамига кирим қилмасдан, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан мутасадди шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.