Жиззах вилояти Пахтакор туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида икки киши ҳаётдан кўз юмди, дея хабар қилди ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати.

Ҳодиса 29 апрель куни 18:00 да М-39 «Термиз-Тошкент» автойўлининг 967-км да содир бўлди.
Matiz ҳайдовчиси Б. Э. (1995) рулда ухлаб қолиб, автомобиль бошқарувини йўқотган ва машина ағдарилиб кетган.

ЙТҲ натижасида Matiz ҳайдовчиси Ю. Э. ва унинг йўловчиси Э. Э. (2007) ҳодиса жойида ҳалок бўлди.

Яна тўрт йўловчи — М. М. (35 ёш), У. Э. (14 ёш), А. Э. (12 ёш) ва С. Э. (6 ёш) турли даражадаги жароҳатлар билан шифохонага ётқизилди.

Ҳодиса юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш инсон ўлимига олиб келса) билан жиноят иши қўзғатилган.