Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари вилоятда сурункали ёмғир оқибатларини бартараф этиш билан шуғулланишмоқда, дейилади ФВВ матбуот хизматининг хабарида.

29 апрель куни соат 16:10.дан соат 18:05 га қадар вилоят ҳудудида кузатилган сурункали ёмғир натижасида Самарқанд шаҳрининг Гала Осиё, Сўзангарон, Мирзо Улуғбек, Шохи Зинда, Туникасозлар, Ойбек ва Избоскан кўчалари ҳудудига йиғилган оқова сувлари чиқиб кетиши, шунингдек жами 8 нафар фуқаронинг ҳовлилари ва айримларининг ертўлаларига сув киргани кузатилди.

Маълум қилинишича, келиб тушган мурожаатлар асосида юзага келган вазият оқибатларини бартараф этиш мақсадида, ФВБдан жами 6 та махсус техника ва 44 нафар шахсий таркиб, Ободонлаштириш бошқармаси ва «Сувоқава"ДУК хизматларидан 8 та техника ва 52 та ишчи-ходимлар жалб қилиниб, аҳолига амалий ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, йиғилиб келган оқова сувлари ариққа сиғмасдан, Тошкент-Самарқанд-Бухоро М-37А автомобиль йўлининг 39−40 км.даги йўл четидан оқиб тушиши натижасида узунлиги 2−3 метр, чуқурлиги 1−1,5 метр ва кенглиги 0,6 метр ювилиш юзага келган. Ушбу ҳолатни бартараф этиш мақсадида ФВБ, ИИБ, шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ҳамда Автойўл бўлимининг куч ва воситалари жалб этилиб, тегишли амалий ишлар олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, М-37 автомобиль йўлининг Самарқанд вилояти Булунғур тумани ҳудудидан ўтувчи 1046−1058 км.да Юқори нуқта пост маскани ҳудудида сурункали ёмғир сувлари автомобиль йўлига чиқиб кетиши кузатилди. Шу сабабли қатнов соат 17.04 дан соат 17.41 гача вақтинча бир томонлама йўлга қўйилгани маълум қилинди. Ҳозирда ИИБ ЙҲХБ ва ФВБ куч ва воситалари ёрдамида ушбу ҳолат бартарарф этилиб, техникалар қатнови йўлга қўйилди.

Хабарда таъкидланишича, ёғингарчилик натижасида фуқаролар ўртасида жабрланганлар тўғрисида маълумотлар келиб тушмаган. Вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари ҳокимликлари ҳамда ФВДқТнинг доимий тайёргарликдаги хизматлари билан вазият бўйича ахборот алмашинуви олиб борилмоқда.