23 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1716 нафарда сақланиб қолди. Бу ҳақда мамлакатнинг бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков «Ўзбекистон 24» телеканали эфирида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Тошкентдаги учта тиббиёт муассасасида 318 киши даволанмоқда, улардан 74 нафарида клиник пневмония белгилари мавжуд.

Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 84 бемор даволанмоқда, 29 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 3 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.

Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 82 бемордан 2 нафарининг аҳволи оғир.

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 152 бемордан 45 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 6 нафарининг аҳволи оғир, 2 нафарининг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланяпти.

Ҳозирги вақтга келиб, 116 минг фуқаро карантин муддатини стационар ва уй шароитида ўтаяпти, деди Нурмат Отабеков.

Маълумот учун, коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони ҳозирда 450 кишини ташкил этмоқда. Етти киши ҳаётдан кўз юмган.