Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 22 апрель куни аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишининг олдини олиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Карантин туфайли Ўзбекистонда 196 мингта корхонада ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш ҳажми кескин камайгани қайд этилди. Апрель ойининг 20 кунида солиқ тушумлари қатор вилоятларда 30−40 фоиз, айрим туман ва шаҳарларда эса 50 фоиздан кўпроққа камайга.

Йиғилишда карантин чекловлари сабабли вақтинча ишсиз қолган фуқароларни моддий қўллаб-қувватлаш масаласи Самарқанд ва Наманган вилоятларида амалга оширилаётган ишлар мисолида муҳокама қилинди.

Тадбиркор ва фермерлар камбағал оилаларга томорқада экин экишга ёрдам бериши, такрорий экин учун ўз еридан жой ажратиши, касаначиликни йўлга қўйишда кўмаклашиши лозимлиги таъкидланди. Давлат эса бундай субъектларга солиқни бўлиб-бўлиб тўлаш, муддатини кечиктиришга рухсат беради ёки кредит ажратади.

Бу борадаги тадбирларни самарали ташкил этиш мақсадида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси масъуллигида вазирлик ва ҳокимликлар фаолиятини мувофиқлаштириб борувчи оператив штаб тузилади.

Барча туман ва шаҳарларда ишсиз қолган ҳамда эҳтиёжманд аҳолини номма-ном аниқлаб, шакллантирилган рўйхатлар асосида «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасидаги ишларни манзилли йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Карантиндан олдин ҳам ишсиз бўлган ва кунлик даромад асосида яшаб келган одамларни фаол меҳнат орқали иш билан таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Хусусан, қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва хонадонларда иссиқхоналар ташкил этиш ҳисобига 14 мингта янги иш ўрни яратиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. 110 минг кишини мавсумий, 167 минг фуқарони жамоат ишлари билан қамраб олиш вазифаси қўйилди.