Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов жума куни бўлиб ўтган брифингда велосипед ёки скутерда ишга қатнаш учун қандай ҳужжатлар бўлиши кераклигини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, 3 хил ҳужжатга эга бўлган фуқаролар ишга велосипед ёки скутерда қатнашлари мумкин. Яъни, улар ёнида ҳар доим «паспорт, иш жойидан гувоҳнома ёки меҳнат дафтарчасини нусхаси, шунингдек, карантин пайтида ишга жалб этилганлиги ҳақида ташкилотдан рухсатнома бўлиши лозим», — деди Шохрух Ғиёсов.

Алоҳида таъкидланишича, велосипед ёки скутердан мазкур 3 та ҳужжат билан фақат ишга бориб-келиш учун фойдаланса бўлади, уларни бошқа мақсадларда ишлатиш карантин қоидаларини бузиш ҳисобланади.

Дўконларда ва дорихоналарда одамлар орасидаги масофа 2 метр бўлиши керак. Ушбу қоидага риоя қилмаган савдо объектлари эгалари ва харидорлар ҳам маъмурий жавобгарликка тортилади.

Бундан ташқари, Шоҳрух Ғиёсов кўчада мақсадсиз юрган фуқаролар тиббий ниқобда бўлиш-бўлмасликларидан қатъи назар, маъмурий жавобгарликка тортилишдан огоҳлантирди.