Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистондаги компанияларни қўллаб-қувватлаш учун янги кредитлар тақдим этади. Бу ҳақда Spot банк ахборот хизматига таяниб хабар берди.

Ташкилот ушбу кўмак коронавирус пандемияси оқибатида юзага келган инқироз давомида маҳаллий корхоналарга фаолиятини давом эттиришга ёрдам беришини таъкидлаган.

Савдо-сотиқни ривожлантиришга кўмаклашиш дастури кесимида ЕТТБ томонидан ажратилаётган 150 млн доллар миқдоридаги кредит «Асакабанк», «Ипотека-банк» ва «Ўзсаноатқурилишбанк» банкларига берилади.

«Ушбу маблағлар оғир бозор шароитида экспорт ва импорт билан шуғулланадиган ўзбекистонлик компанияларнинг савдо операциялари ва маҳсулот етказиш тизимларида узилишларни юмшатиш учун йўналтирилади», — дейилади хабарда.

«Асакабанк» ва «Ўзсаноатқурилишбанк»га 60 млн доллардан ажратилса, «Ипотека-банк» 30 млн доллар олади. Барча банклар ЕТТБнинг доимий мижозлари ҳисобланишади. Умумий ҳисобда учта банкнинг республика бўйлаб 100дан ортиқ филиаллари бор ва улар 10 минглаб корхоналарга хизмат кўрсатишади.

ЕТТБ ушбу банклар маҳаллий корхоналарнинг ташқи иқтисодий фаолиятини қўллаб-қувватлашда яхши имкониятларга эга эканлигига ишонади.

Ҳозирги кунга келиб, ЕТТБ Ўзбекистон иқтисодиётига 1,85 млрд евро инвестиция киритган.