АҚШ ҳукумати Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали COVID-19 инфекциясига қарши курашда Ўзбекистонни қўшимча қўллаб-қувватлаши тўғрисида маълум қилди. Бу ҳақда мамлакатнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

АҚШ давлат котиби Майкл Помпео 26 март куни COVID-19 пандемиясига қарши курашда хавф остида бўлган 64 та давлатга фавқулодда тиббий ва гуманитар ёрдам кўрсатиш учун 274 млн доллар ажратилишини эълон қилган эди.

АҚШ Давлат департаменти вакилларининг маълумотига кўра, Ўзбекистонга 848 минг доллар ажратилади.

USAID кенг кўламда таҳлиллар ўтказиш учун лаборатория тизимларини тайёрлаш, тиббиёт муассасаларида инфекциялар профилактикаси ва назорати, COVID-19 устидан эпидемиологик назоратни ва COVID-19 беморлари ҳисобини юритишни яхшилаш, шунингдек, вирус ҳақидаги дезинформацияларга қарши курашиш ҳамда инсонларни давлат ва тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда ишлашга жалб қилиш учун воситалар тақдим этади.

Қўшма Штатлар бошқа донорларни ҳам COVID-19 вирусига қарши курашиш бўйича глобал саъй-ҳаракатларга ҳисса қўшишга чақиради, дейилади хабарда.