Коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан бири бутунлай соғайиб, реабилитацияга кузатилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди. Ушбу фуқаро 14 март куни Лондон — Тошкент йўналишидаги рейс билан пойтахтга келган ва 16 март куни унда коронавирус касаллиги аниқланган эди.

Ўтган вақт давомида у Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида тўлиқ даволанди ва ушбу касалликдан соғайганлар сони 8 нафарга етди.

Шу билан бир қаторда, ССВ Фарғона вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган 26 нафар COVID-19 беморидан бирининг аҳволи оғир эканини маълум қилди.

Мазкур бемор яқинда Умра сафаридан қайтган ва 24 март куни унда коронавирус инфекцияси аниқланган. 59 ёшли бемор шу вақтгача сурункали ўпка ва гипертония хасталиги билан диспансер назоратида турган. Ҳозирда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган беморда ўткир нафас етишмовчилиги иккинчи даражаси кузатилмоқда. У айни пайтда сунъий нафас олиш аппаратига олинган.