Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов якшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида жамоат тинчлигига таҳдид солувчи чақириқлар ва маълумотлар тарқатганлар жиноий жавобгарликка тортилишини маълум қилди, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

«Огоҳлантириб қўяяпман. Бу — фавқулодда ҳолатга ўхшаган нарса эълон қилинмоқда республика бўйича. Агар бирор ким ҳар хил чақириқ, одамларни ваҳимага солиш, ўзича ақллилик қилиб, кейин ҳазил қилмоқчи эдим, деб йиғлаб ўтирадиганлар бор, агар шундай маълумотлар тарқатадиган бўлса, жиноий жавобгарликка тортилади. Қонунчиликда етарлича моддалар кўзда тутилган», — деди Абдулла Арипов.

Ҳукумат раҳбари ОАВни огоҳлантирар экан, зарурат туғилган тақдирда эфирга чиқишни тақиқлашдан тортиб, интернетни ўчиришгача қатъий чоралар кўрилиши мумкинлигини таъкидлади.

«Йиғилишда бош прокурор ўринбосарлари қатнашаяпти… [Айбдорни] аниқлаб, топиш — муаммо эмас. Бизни ҳар хил техник чораларни кўришга мажбур қилманглар. Керак бўладиган бўлса, умуман эфирга чиқмайдиган қилиб қўямиз. Интернет тармоғидан ҳам ўчириш чорасини қила оламиз. Техник воситаларимиз етарди», — деди Абдулла Арипов.

Бош вазир автомобиллар нархни оширилганига қарши намойиш ўтказишга чақирган эркакнинг хатти-ҳаракатларига изоҳ берди.

«Кеча битта мўминтой автомобиль нархлари [оширилиши] бўйича ҳаммани 12 яримда йиғилишга чақирган экан. Мана, кечаси билан ўтириб, тавба қилдим, деб, бошқа қилдим, деб, „Мен ҳазиллашгандим“, деб… Сенга ҳазиллашишга чиқариб қўйибдими қонунларни? Ҳозир энди қонун олдида жавоб беради. Бошқаларни қўрқитиш билан, бошқаларга қўрқув солиш билан ҳар хил маълуомотларни тарқатмоқчи бўлаётганлар, қўлингизда бу оммавий ахборот воситаси кучга эга эканлигини билган билади, билмаган билмайди. Шу билан бирга, буни ишлатишнинг жуда катта, оғир масъулияти бор. Бунақа ҳолатда ҳазил кетмайди», — деди ҳукумат раҳбари.