21 февраль куни Шавкат Мирзиёев жорий йил Тошкентда амалга ошириладиган қурилиш ва ижтимоий лойиҳалар билан танишди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Бектемир туманининг «Мажнунтол», «Бектемир», «Олтин топган», «Бинокор» маҳаллалари, Ҳусайн Бойқаро, Зироат кўчалари бўйлаб умумий узунлиги қарийб 18 минг погон метр янги ичимлик суви қувурлари ўрнатилиши мўлжалланган. Бунинг натижасида 6,8 мингдан ортиқ аҳоли марказлашган ичимлик суви билан таъминланади, пойтахт бўйлаб марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 100 фоизга етказилади.

Тошкент шаҳридаги «Бўзсу» ва «Салар» сув тозалаш иншоотларини қувватини суткасига 200 минг метр кубга ошириш режалаштирилган.

Тошкент шаҳрида бугунги кунда 1564 кўп қаватли уйларда аҳолига 5001 та лифт хизмат кўрсатмоқда. Мавжуд лифтларнинг 3343 таси муддатини ўтаб бўлган. Охирги 4 йилда 572 та лифт янгиланди.

Президентимизнинг Учтепа туманига ташрифи давомида берган топшириқларига мувофиқ 697 та лифтни янгилаш кўзда тутилган. Йилига 700 тадан лифт янгиланса, яқин 5 йилда пойтахтдаги муддатини ўтаб бўлган лифтларнинг барчасини алмаштиришга эришилади.

Шунингдек, кўп қаватли уйларга тутуш ҳудудларни ободонлаштириш давомида 100 та болалар майдончаларини қуриш, 2 та янги автотураргоҳ барпо қилиш, йўлакларнинг 100 000 метр куб қисмини бетон қопламаси билан таъмирлаш, 10 минг погон метр ирригация тизимини таъмирлаш режалаштирилган. Бунинг учун маҳаллий бюджетдан 20,8 миллиард сўм ажратилиши белгиланган.

Тошкент шаҳри кўчаларини ёритиш тизимини ривожлантириш ва автохўжалик техникаларини янгилаш дастурлари амалга оширилади. Умумий ҳисобда 1,047 минг квадрат метр йўллар таъмирланади.

Жорий йилда Бектемир, Олмазор, Шайхонтоҳур, Яшнобод туманларида янги мактабгача таълим муассасалари қуриш кўзда тутилган. Шунингдек, Бектемир ва Яшнобод туманларида мактаб, Сергели туманида кўп тармоқли шифохона, Чилонзор ва Яшнобод туманларида оилавий поликлиника, Сергели ва Олмазор туманларида янги маданият марказлари қурилиши белгиланган.

Президент Шавкат Мирзиёевга ана шу лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Давлат раҳбари лойиҳаларнинг самарадорлиги ва ижтимоий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Уларнинг белгиланган муддатларда амалга оширилишини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.