Тошкент ИИББ Чилонзор тумани 18-мавзеда кўп қаватли уй лифтида қиз болага ҳужум қилган эркакни қидирмоқда.

Бошқарма матбуот хизматининг хабар қилишича, ҳодиса 15 февраль куни кундузи содир бўлган. Номаълум шахс қиз болага ҳужум қилган, қиз қичқиргач қўрққан ва қочиб кетган.

Ҳодиса жойига чақирилган профилактика инспектори жабрланувчи билан бирга ташқи кузатув камераси ёзувларини кўриб, эркак тасвирини суратга олган. Гумондор ҳақидаги мавжуд маълумотлар Чилонзор туманидаги барча ички ишлар бўлимларига тарқатилган.

Ижтимоий тармоқлардаги ички ишлар органлари ходимларининг ҳаракатсизликда айбловларга изоҳ берар экан, ИИББ жабрланувчи дастлаб ариза ёзишдан бош тортгани, бироқ тушунтириш ишларидан кейин рози бўлганини маълум қилди.

«Айни вақтда текширув доирасида гумондор шахсни аниқлаш ва уни қўлга олиш ишлари олиб борилмоқда», — дея қайд этди ИИББ.

Гумондор ҳақида 71−232−30−40, 71−232−40−50 ёки 102 телефон рақамлари орқали хабар бериш мумкин.