Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитойда янги турдаги коронавирус сабабли келиб чиққан касаллик тарқалишининг фожиали оқибатлари сабабли ХХР раиси Си Цзиньпинга ҳамдардлик билдирди. Ҳамдардлик мактуби матни президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

«Хитойда янги турдаги коронавирус сабабли келиб чиққан касаллик тарқалишининг фожиали оқибатлари тўғрисидаги ташвишли хабарлар Ўзбекистон Республикасида алоҳида хавотир ва қайғу билан қабул қилинмоқда. Ўзбекистон халқи номидан ва шахсан ўз номимдан кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан дўст Хитой Халқ Республикаси халқига чуқур ҳамдардлик билдираман, барча жабрланганларнинг тез фурсатда шифо топишини тилайман», — дейилади ҳамдардликда.

«Ушбу оғир дамларда Ўзбекистон халқи сизга елкадош бўлиб, хитойлик дўстларга чин дилдан қайғудош эканини алоҳида таъкидлашни истардим, — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев. — Сизнинг раҳбарлигингиз остида ушбу хавфли пандемияга қарши курашиш борасида кўрилаётган мардона саъй-ҳаракатлар ва самарали чора-тадбирларни юксак қадрлаймиз ва тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Ушбу умумий хатарни бартараф этиш мақсадида зарур кўмак кўрсатишга интиламиз».

Президент Ўзбекистон ҳукумати ушбу касаллик тарқалишига биргаликда қарши курашиш чораларини Хитой билан яқиндан мувофиқлаштиришга тайёрлигини билдирди.

«Сизнинг қатъий ҳаракатларингиз туфайли буюк хитой халқи ушбу қийинчиликларни тез фурсатда муносиб енгиб ўтишига ишонч билдираман», — деди давлат раҳбари.