Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округнинг Қашқадарё вилоятида жойлашган ҳарбий қисмда ҳарбий учувчиларнинг мураккаб учиш амалиёти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти «Газета.uz»га хабар берди.

Ми-8, Ми-24 каби вертолётлар ҳамда Миг-29, Су-25 каби қирувчи самолётларнинг ҳаводаги манёврлари — жанговар имкониятларини намойиш этиш мақсадида ташкил этилган ўқув машғулоти Ўзбекистон олий авиация билим юрти курсантлари учун чин маънода маҳорат сабоғи бўлди.

Мамлакат ҳарбий авиациясининг етук учувчилари курсантларга муваффақиятли парвозни ташкиллаштириш учун қай муҳим жиҳатларни қунту сабот билан ўзлаштиришлари лозимлигини уқтирди.

Даставвал, вертолётларни бир варакайига парвозга чоғлаш, учув аппаратларининг парвоз олди тактик-техник хусусиятлари, учоқ бортида ва қўмондонлик пункти билан алоқани ташкиллаштириш хавфсизлик қоидалари, қўйилган жанговар вазифа бўйича ҳаводаги ҳаракат тартиби белгиланди.

Аэродром ҳудуди бўйлаб бирин-кетин учиб-қўнаётган замонавий учув аппаратлари яхлит кўриниш касб этиб, миллий армиямиз мудофаа қудратининг, хусусан Ҳарбий ҳаво кучларининг нималарга қодир эканлигини намоён этади.

Шундан сўнг, қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилди. Душманнинг жонли ва техник кучига ҳаводан қақшатқич зарба бериш борасида қирувчи самолётлар ҳал қилувчилардан бири сифатида характерланади. Индивидуал маҳорат ва юксак тайёргарлик асосида ҳарбий учувчилар бу каби машғулотларда тобланмоқда.