Андижонлик Facebook-фаоли Абдуфатто Нуритдиновнинг (Отабек Нуритдинов номи билан маълум) қамоққа олиниши билан боғлиқ вазият туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум этиш нормасини тезроқ бекор қилиш зарурлигини тақозо этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммави комуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов маълум қилди.

Шу билан бирга, АОКА раҳбари агентлик фуқаро Абдуфатто Нуритдинов билан боғлиқ суд қарорига таъсир кўрсатишга ҳақли эмаслигини қайд этиб ўтди. «Айбдор томон суд қароридан норози бўлса, кассация тартибида юқори турувчи суд инстанциясига мурожаат қилиши мумкин», — деди у.

Декабрда президент Шавкат Мирзиёев ўз қарори билан туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган нормани бекор қилиш масаласини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берган эди. Мазкур қарор қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан олқишланди.

Абдуфатто Нуритдинов туҳмат, ҳақорат ва майда безорилик айблари билан жаримага тортилиб, 15 суткага қамоққа олинган эди. Унинг устидан Андижон вилоятининг Асака тумани ҳокими, тумандаги мактаблар директорлари ва вилоят ХТБ бошлиғи шикоят қилган. Бундан ташқари, туман сув таъминоти корхонаси раҳбари Боҳодир Қаххоров ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, 30 декабрь куни соат 10:30 атрофида жамоатчилик олдида номаъқул сўзлар билан уни ҳақорат қилган Нуритдиновга нисбатан чоралар кўришни сўраган.

Суд шу куни қарор чиқарди. Жазони ўташ муддати 30 декабрь куни соат 19: 45дан бошлаб ҳисобланади, деб аниқлик киритди «Газета.uz»га Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати.