Ўзбекистоннинг тиббий муассасаларида тиббиёт гипси ўрнига қурилиш гипси ишлатилади. Бу ҳақда чоршанба куни Республика коррупцияга қарши курашиш идоралараро комиссияси йиғилишида бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, шифокорлар сўнгги икки йил ичида 277 минг ҳолатда синишларда қурилиш гипсидан фойдалангани аниқланган.

Шифокорлар жами бўлиб 351 тонна қурилиш материалидан фойдаланган. Жумладан, Фарғона вилоятида 30 тонна, Бухоро вилоятида 33 тонна, Тошкент вилоятида 35 тонна, Наманган вилоятида 36 тонна, Қашқадарё вилоятида 38 тонна, Самарқандда 43 тонна ва Тошкентда 48 тонна.

Ниғматилла Йўлдошевнинг таъкидлашича, қурилиш гипсидан фойдаланиш беморларда шикастланган суякларнинг жойидан силжиши, гипс қўлланиладиган ҳудудда терининг жароҳатланиши ва тери аллергияси каби жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

«Шунга қарамай, Ўзбекистонда тиббий гипс ишлаб чиқарадиган биронта ҳам корхона ташкил этилмаган ва соғлиқни сақлаш вазирлиги бу борада ташаббус кўрсатмаган», — деди бош прокурор.

Тиббий гипс қурилиш гипсидан юқори тозалаш даражаси билан ажралиб туради.