Сўнгги йилларда аҳоли ўртасида заҳарланиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. 2017−2019 йиллар давомида 154 та бундай ҳолат қайд этилган, натижада 1700 нафар фуқаро, шу жумладан 665 нафар бола жабрланган. 15 киши вафот этган.

Ушбу маълумотлар 24 декабрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг кенгайтирилган мажлисида тилга олинди, дея хабар берди Сенат матбуот хизмати. Мажлисни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Маслисда қайд этилганидек, овқатдан заҳарланиш ҳолатлари асосан умумий овқатланиш корхоналари, мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида қайд этилган.

Кўп ҳолатларда бунга тўйхона, ошхона, кафе, ресторан ва бошқа умумий овқатланиш корхоналарининг санитария талаблари лойиҳалари асосида қурилмаганлиги сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотларини лозим даражада сақлаш учун шароитлар мавжуд эмас,мактабгача таълим муассасалари ошхоналарининг жиҳозланиши ҳам талабларга жавоб бермайди.

Умумий овқатланиш ходимлари даврий тиббий кўрикдан ўтмайди, ошпаз ва ёрдам берувчи ходимларнинг овқат тайёрлаш бўйича технологик талаблар тўғрисида билим ва тушунчалари йўқ.

Ўрганишлар давомида республиканинг 1533 та мактабгача таълим муассасасида ташиб келтириладиган ичимлик сувидан фойдаланилиши аниқланди. Бунда уларнинг кўп қисмида тегишли гигиеник сув идишлари ўрнатилмаган. 5854 та давлат мактабгача таълим муассасаси ошхоналарининг моддий-техник базаси ҳолатини яхшилаш лозим, бунинг учун 391 млрд. сўм маблағ талаб этилади.

Мажлис якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига 2020 йилнинг 1 февралига қадар «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳасини Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш, 2020 йилнинг 1 апрелига қадар Мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим тизимида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тизимини янада такомиллаштиришга доир комплекс тадбирлар дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғи берилди.