Декабрь ойининг бошида Хива, Наманган ва Нукусда очилган учта президент мактабининг ҳар бирига 144 нафардан ўқувчи қабул қилинди, дея хабар қилди ЎзА. Биринчи шу каби мактаб сентябрда Тошкентда очилган эди.

Хивадаги президент мактаби икки қаватли ўқув биноси, алоҳида ётоқхона ва чет эллик ўқитувчилар учун кичик меҳмонхонадан иборат. Ўқув синфлари интерфаол ёзув тахталари ва таблолар билан таъминланган, лаборатория биноси ҳам мавжуд. Мактаб кутубхонаси дарсликлар, ўзбек ва дунё бадиий адабиёти намуналари билан таъминланган. 6400 ўқувчи мазкур мактабда ўқиш учун ариза топширди.

Наманганда 8000 нафар номзод орасидан ўқувчилар танлаб олинди. Мактаб 80 млрд сўм эвазига давлат бюджети ҳисобидан қурилди. Бинода спорт зали, сузиш ҳавзаси, 6000 китоблик кутубхона мавжуд. Синфлар 16 та электрон ёзув тахтаси ва 36 та компьютер мажмуаси билан таъминланган. Чет эллик мутахассислар учун 15 ўринли меҳмонхона барпо этилди.

Машғулотлар Кембриж университети экспертлари билан ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича инглиз тилида олиб борилади.

Ўқитувчиларни саралаш бўйича Teachaway ва TIC Recruitment компаниялари 11 нафар чет эллик мутахассисни таклиф қилди, шунингдек, ўқув жараёнида 20 нафар маҳаллий педагог ҳам иштирок этади. Cambridge University Press, Oxford University Press, Collins ва бошқа нашриётлардан таълимда STEAM-ёндашувни жорий этиш учун дарсликлар ҳамда ўқув анжомлари келтирилди.

Нукусдаги президент мактабини қуриш учун маҳаллий бюджетдан 67 млрд сўм ажратилди. 7500 нафар ўқувчи унда ўқиш истагини билдирди. 168 ўринга эга икки қаватли ўқув биноси, ётоқхона, меҳмонхона, спорт зали, сузиш ҳавзаси, ошхона ўқувчилар ихтиёрига топширилди. Барча ускуналар Хитой ва Туркиядан келтирилди.

Машғулотлар қорақалпоқ ва ўзбек тилларида олиб борилади. Математика, кимё, биология ва ахборот технологиялари фанлари эса Буюк Британиянинг Кембриж университети дастури бўйича инглиз тилида ўтказилади. Ўқув жараёнига Кения ва Буюк Британиядан саккиз нафар мутахассис жалб қилинди.

Фото

Хивадаги президент мактаби

Намангандаги президент мактаби

Нукусдаги президент мактаби