Ироқ бош вазири Адел Абдел Махди 29 ноябрь куни Вакиллар кенгашига (парламент) ўз истеъфосини сўраб мурожаат йўллади. У мамлакатдаги инқирозни бартараф этиш учун истеъфога чиқиши зарурлигини таъкидлаб, депутатлардан ушбу лавозимга бошқа номзодни тасдиқлашни чўзиб юбормасликни сўради, дея хабар қилди Новости ахборот агентлиги.

Истеъфо тўғрисидаги қарор октябрь ойи бошидан бери давом этиб келаётган ҳукуматга қарши намойишлар ортидан қабул қилинди. Ишсизликка қарши шиорлар ҳукуматни истеъфоси ҳақидаги талабларга, тинч намойишлар эса оммавий тартибсизликларга айланди. Намойишларнинг асосий иштирокчилари — ёшлар.

ОАВнинг хабар қилишича, намойишлар вақтидаги тўқнашувлар ва тартибсизликлар вақтида 300 дан зиёд киши ҳалок бўлди, 15 минг киши жароҳатланди.

«Инқирозни тўхтатиш учун истеъфо зарур. Мен парламентдан тезроқ номзод танлашни сўрайман, чунки мамлакат ҳозирги ҳолатида бошқарувсиз кундалик фаолиятини амалга ошира олмайди», — дея қайд этди Абдел Махди.

Ироқ Вакиллар кенгаши бош вазир истеъфосига рози бўлди. Вакиллар палатаси спикери Муҳаммад ал Халбусий парламент президент Бархам Солихга конституцияга кўра янги бош вазир номини эълон қилишни сўраб мурожаат қилди.