Жорий йилнинг 22 ноябрь куни 15:30 лар атрофида Бухоро вилояти Ромитан тумани ДСИ давлат солиқ инспектори Суннат Жумаев ҳамкасби Ҳусниддин Хайриддинов билан «Ҳайробод» канали ёнидан ўтиб кетаётганларида чўкаётган ёш болани кўриб қолади. Суннат Жумаев зудлик билан машинани тўхтатиб, ҳеч иккиланмай ёрдам бериш мақсадида ўзини сувга отади. Ҳаво ҳарорати -2 даража совуқ бўлишига қарамай, Суннат Жумаев чўкаётган болани қутқариш учун музли сувга шўнғийди. Бу ҳақда ДСҚ матбуот хизмати хабар берди.

Болани қирғоққа олиб чиқади, совуқотган бўлса-да, бола ҳали тирик. Канал атрофида йиғилган аҳоли вакиллари болани таниб, зудлик билан кийимини алмаштириш ва исиниб олиши учун уйига олиб кетадилар.

Аниқланишича, қутқариб қолинган бола Шаҳромбек Зарипов бўлиб, у Ромитан туманидаги 1-сонли умумтаълим мактабининг 3-синфида ўқийди. Ўша куни у ўқишдан қайтаётган маҳал сув солинган идиши (термоси)ни тўсатдан каналга тушириб юборади.

Уни олиш илинжида бола тез оқаётган, паст ҳароратли сувга тушиб, тўғри ҳаракатлана олмайди. Шу вақтда солиқ ходими уни қутқариш учун ёрдамга ошиқади.

Шаҳромбекнинг яқинлари ўз фарзандининг ҳаётини сақлаб қолгани учун Суннат Жумаевга миннатдорчилик билдирди. Ҳозирда бола ўзини яхши ҳис қилиб, соғлиғига ҳеч қандай зарар етмаган.

Давлат солиқ қўмитасининг буйруғига асосан Суннат Жумаевга кўрсатган жонбозлиги учун Фахрий ёрлиқ ва солиқ хизматининг I даражали инспектори унвони навбатдан ташқари тақдим этилди.