Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 ноябрь куни «Замонавий мактаблар»ни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади, дея хабар қилди Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига 2020 йилнинг 1 мартига қадар Қурилиш вазирлиги билан биргаликда хорижий тажриба ва мамлакатнинг табиий иқлим шароитларига мос, экологик тоза материаллар ва энергиянинг муқобил манбалари, энергия тежовчи ҳамда илғор технологиялар ва муҳандислик ечимларини қўллашни назарда тутувчи «Замонавий мактаб"ларни қуриш ва реконструкция қилишнинг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.

Шунингдек, 2020 йил 1 мартга қадар умумий ўрта таълим муассасаларини замонавий мебель ва жиҳозлар, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, ўқув-услубий материаллар, компьютер ва мультимедиа ҳамда видео-кузатув воситалари билан жиҳозлашнинг янги меъёрларини ишлаб чиқиш тасдиқланди.

2020 йил 1 мартдан бошлаб давлат умумий ўрта таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш, молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, «Замонавий мактаб"ларни қуриш ва реконструкция қилишнинг намунавий лойиҳалари ва жиҳозлаш меъёрлари асосида амалга оширилади.

Шу билан бирга, президент «Замонавий мактаб"ларга қўйиладиган талабларни, шу жумладан, мазкур мактабларнинг дарсликлар, ўқув қўлланмалар, бадиий ва бошқа адабиётлар билан таъминланганлик даражасига, ўқув-тарбия жараёнига ҳамда дарсдан ташқари фаолиятига ҳамда раҳбар ва педагог кадрларига қўйиладиган талаблар, шунингдек дарсдан ташқари тадбирларга талабларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тўғрисида кўрсатма берди. Умумий ўрта таълим мактабларида «Замонавий мактаблар» талабларига асосланиб, умумтаълим мактабларини баҳолаш мезонини яратиш бўйича ишлар олиб борилади.

«Замонавий мактаблар»га қўйиладиган талабларга мос келадиган умумий ўрта таълим муассасаларига тегишли даражадаги мувофиқлик сертификати берилади.

«Замонавий мактаб» мувофиқлик сертификатига эга бўлган умумий ўрта таълим муассасаларининг раҳбар ва ўқитувчиларига иш ҳақи ҳамда моддий рағбатлантиришнинг юқори ставкалари қўлланилади.

Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги «Инновация, технология ва стратегия маркази» маҳаллий ва хорижий компаниялар вакилларини жалб қилган ҳолда умумий ўрта таълим муассасаларини «Замонавий мактаб» талаблари асосида баҳолаб, мувофиқлик сертификатларини беради.

Марказ «Замонавий мактаб» талаблари асосида баҳолаш бўйича умумий ўрта таълим муассасалари рейтингини аниқлашнинг электрон платформасини ишга туширади.

Марказ мутахассислари умумий ўрта таълим мактабларни замонавий мактаб талабларига мувофиқлаштириш бўйича таклифлар ҳам ишлаб чиқади.

Қурилиш-таъмирлаш ишларининг сифатини Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги «Ўқув таълим-таъминот» Давлат унитар корхонаси таъминлайди. Шунингдек, янгидан қуриладиган, реконструкция қилинадиган ҳамда мукаммал таъмирланадиган умумий ўрта таълим муассасаларини жиҳозлаш ва капитал таъмирлаш бўйича лойиҳалаш ва қурилиш ишлари сифатини назорат қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва тегишли вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компаниялари умумий ўрта таълим муассасалари учун лойиҳаларнинг «Инжиниринг компанияси» ДУК техник топшириғи асосида ишлаб чиқилиши ва келишилишини ҳамда лойиҳа ҳужжатларига техник топшириқларни ишлаб чиқиш бўйича «Инжиниринг компанияси» ДУК билан тўғридан-тўғри шартномалар тузилишини таъминлайди.

Умумий ўрта таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш жараёнида сифатсиз бажарилган, белгиланган техник талабларга мос келмаган ҳолда бажарилган ҳамда ортиқча ҳажмда кўрсатилган қурилиш-монтаж ишлари бўйича ундирилган суммаларнинг 90 фоизи тегишли объектлардаги аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун бўйсунувига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларининг махсус шахсий ғазна ҳисоб варақаларига, 10 фоизи эса «Инжиниринг компанияси» ДУКнинг махсус ҳисоб рақамига, ходимларни рағбатлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш тадбирларига йўналтирилади.