2013 йилдан буён Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Зафар Рўзиев, шунингдек, ИИБ, прокуратура ва солиқ хизматлари раҳбари шанба куни эгаллаб турган вазифаларидан озод қилинди. Бу ҳақда вилоят маъмурияти матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов иштирок этган Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилди.

2018 йил ноябридан Жизах вилоятининг Шароф Рашидов тумани ҳокими, ундан аввал эса бош вазир ўринбосари, қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ҳамда Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида фаолият кўрсатган Мирзаев Зойир Тоирович Қашқадарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Хуррам Жўраев ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Бахтиёр Ражабов ҳам вазифасидан озод қилинган.

Ўтган йилнинг январида Қашқадарё вилояти прокурори лавозимига тайинлан Ботир Юсупов лавозимидан озод қилиниб, 2018 йил февралидан Ўзбекистон бош прокурорининг биринчи ўринбосари, аввал эса Қорақалпоғистон бош прокурори ўринбосари ва прокурори лавозимларида фаолият кўрсатган Эркабой Тожиев унинг ўрнига тайинланди.

Бунга қадар Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаб келган Шуҳрат Сотиболдиев вилоят ИИБ раҳбари бўлди. У 2016 йил февралидан буён ушбу лавозимда хизмат қилиб келаётган Дилшод Турсунбоев ўрнига тайинланди.

Вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Равшан Насимов ўрнига Азамат Бозоров тайинланди.

Бундан ташқари, Қарши, Чироқчи ва Миришкор туманлари ҳокимлари фаолиятидаги камчиликлар, Китоб тумани ҳокими эса саломатлиги сабабли вазифасидан озод этилди.

Жамшид Фозилов ўрнига Касби тумани ҳокими бўлиб ишлаб келаётган Нурмўмин Холбоев Қарши ҳокими бўлди.

Вазифасидан озод қилинган Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Хуррам Жўраев Рустам Жўрақобилов ўрнига Чироқчи туманига ҳоким бўлди.

Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ҳоким ўринбосари лавозимидан озод қилинган Бахтиёр Ражабов эса аввалроқ думбул ўғирлаган эркакни ҳақорат қилган Равшан Комилов ўрнига Миришкор туманига ҳоким этиб тайинланди.

«Микрокредитбанк» Қашқадарё вилоят филиали бошлиғи ўринбосари Алишер Зокиров Китоб тумани ҳокими бўлди. Туманнинг собиқ раҳбари Рустам Саъдуллаев саломатлигидаги муаммолар сабабли лавозимини тарк этди.