Самарқанд вилояти юқумли касалликлар клиник шифохонасида кондиционер ва дори воситаларини сотиб олишда йирик миқдордаги бюджет маблағлари талон-тарож қилингани аниқланди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг хабар қилишича, тиббиёт муассасаси томонидан электрон давлат харидлари порталига жами 35 млн сўмлик 10 дона «G» маркали кондиционер харид қилиш бўйича хусусий корхона билан электрон шартнома расмийлаштирилган.

Бироқ хусусий корхона томонидан «G» маркали кондиционерлари ўрнига, нархи 2 млн 425 минг сўм бўлган 10 дона (24 млн 425 минг сўмлик) «А» русумли кондиционерлар олиб келиб ўрнатилиб, жами 10 млн 575 минг сўмлик бюджет маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган.

Бундан ташқари, шифохонада 31 ҳолатда жами 58 млн. 305 минг сўмлик дори воситалари қиммат нархларга харид қилиниб, анча миқдордаги бюджет маблағлари растрата йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонаси мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми «г» банди жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.