Жорий йилнинг 6 — 21 октябрь кунлари Буюк Британиянинг Брэкон шаҳрида қўшин разведкачилари ўртасида ўтказилган халқаро танловда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси британиялик, непаллик ва швейцариялик ҳамкасблари билан бирга биринчи ўринни қўлга киритди (танлов шартига кўра ҳар бир совринли ўрин бир нечта жамоага берилиши ҳам мумкин). Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар қилди.

Иккинчи ўрин Буюк Британия, Франция ва Ҳиндистон жамоаларига, учинчи ўрин ҳам мезбонларга насиб этди. Мазкур мусобақада 39 мамлакатдан жами 144 та жамоа қатнашди (мезбон давлат танловда 63 та жамоа билан иштирок этди).


9 босқичдан иборат танлов давомида иштирокчилар навигация воситаларисиз Кэмбрия тоғлари бўйлаб 25 кг юк билан 70 км масофага марш юриш, 1000 метрдан ортиқ баландликка кўтарилиш ва 750 метрлик пастликка тушишни амалга оширдилар. Бунда уларнинг етакчилик қобилияти, амалий кўникмаси, руҳий ва жисмоний қуввати синовдан ўтди.

Марш юриш давомида ҳар бир жамоа, тоғли ва сув тўсиқларидан ўтиш, ҳудуд разведкасини олиб бориш, шартли душман жойлашган ҳудудни аниқлаш ва уларни йўқ қилиш бўйича ўқув-жанговар операцияларни амалга ошириш, шартли ярадорларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ноқонуний кучлар томонидан гаровга олинганларни озод этиш, мураккаб тоғли ҳудудларда пистирмаларни ташкил этиш каби вазифаларни бажарди.


21 октябрь куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон вакилларини тантанали кутиб олиш тадбирида Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, Қуролли Кучлар фахрийлари, ўқувчи ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.


Ўзбек разведкачилари 2018 йилда ҳам «Кембрия патрули» халқаро танловида ғолиб бўлган эди. Жорий йилда соҳа мутахассислари ўртасида ўтказилган мусобақалар: Қозоғистонда «Олтин укки» ва Ҳиндистонда «Қўшин разведкаси аълочилари» беллашувларида эса иккинчи ўрин насиб этганди.