25 сентябрь куни тонгда Қашқадарё вилоятида «Дамас» русумли икки автотранспорт воситасининг тўқнашуви натижасида мудҳиш йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. Автоҳалокат оқибатида жабрланган ва қурбон бўлганлар бор, дея хабар қилди ЎзА вилоят ИИББга таянган ҳолда.

ЙТҲ Қарши туманидаги Хонабод қишлоғидан чиқувчи иккинчи даражали йўлнинг «Қарши — Шаҳрисабз» йўлига туташ қисмида содир бўлди. Қарши тумани Хонобод қишлоғида яшовчи Қ.А. (1997 й. т.) бошқарувидаги «Дамас» «Хонобод — Қарши» йўналишида ҳаракатланиб бораётганда қарама-қарши томондан келаётган фуқаро Э.Ҳ. бошқарувидаги «Дамас» билан катта тезликда тўқнашган. Тўқнашув натижасида кучли ёнғин келиб чиққан.

Ҳодиса натижасида 5 киши ҳаётдан кўз юмди, 4 фуқаро омон қолган. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича жиноят кодексининг 266-модда 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.