Қаҳрамон Қуронбоев бошқа ишга ўтгани муносабати билан президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари — Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси лавозимидан озод қилинди, дея хабар берди Ёшлар иттифоқи матбуот хизмати президентнинг 29 августдаги фармонига таянган ҳолда.

Қаҳрамон Қуронбоев Ўзбекистон президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Қаҳрамон Қуронбоев (1970 й. т.) Тошкент давлат университети (1992), президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини (2004) тамомлаган. «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари (1997−2008), Миллий университетнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори, президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори (2012−2013), Вазирлар Маҳкамасида бўлим мудири (2015−2016), шунингдек президентнинг жамоатчилик ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича давлат маслаҳатчиси ўринбосари (2017) лавозимларида фаолият кўрсатган. 2017 йилнинг 30 июнидан Ёшлар иттифоқига раҳбарлик қилиб келаётган эди.

Фото: ХПК

Алишер Саъдуллаев Ўзбекистон президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари — Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.

Алишер Саъдуллаев (1994 й. т.) 2017 йил июлида халқ таълими вазири ўринбосари лавозимига тайинланиб, мамлакатдаги энг ёш вазир ўринбосари бўлган эди. Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти битирувчиси. Аввал Result ўқув марказини бошқарган.