«Otel Oʻzbekiston» МЧЖ қўшма корхонаси акциялар пакетининг қиймати 80,12 фоизи 26,4 млн. долларни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди.

Бундан олдин мазкур нарх охирги марта июнда пасайтирилган эди. Ўшанда унинг бошланғич 33 млн. долларлик нархи 29,7 млн. долларгача туширилган эди.

Ушбу пакет февраль ойида савдога қўйилган эди. Бу борадаги қарор эса ўтган йил августида қабул қилинганди.

Харидор «Ўзбекистон» мажмуи ҳудудидаги ердан инфратузилма объектлари ва бино билан биргаликда 99 йилга фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Тўловнинг максимал муддати — уч йил. Харидор икки йил давомида 100 млрд. сўм инвестиция киритиш мажбуриятини олади. Бу маблағлар модернизация ва зарурат туғилса меҳмонхонани реконструкция қилишга йўналтирилади.

Танлов савдоларида иштирок этиш учун талабгор «Оtel O`zbekiston» МЧЖ ҚКнинг давлат улушини бошланғич нархининг камида15 фоизи миқдоридаги маблағларини пул ўтказиш йўли билан ҳисоб рақамга закалатга қўйиши шарт.

Унинг янги эгаси ўн йил давомида асосий фаолият тури (меҳмонхона хизматлари)ни, бинонинг фасад қисмини сақлаб қолиши, меҳмонхонани бошқариш учун энг яхши менежерларни жалб этиши шарт. Танловда иштирок этиш учун бошланғич нархнинг 15 фоизи миқдорида закалад тўлаш лозим.

Бу галги савдолар 16 сентябрь куни бўлиб ўтади. Агентликнинг хабарига кўра, бир қатор ишбилармонлар уни сотиб олишга қизиқиш билдирган, шунингдек, бошқа хоҳловчилар ҳам савдога таклиф этилган.

«Оtel O`zbekiston» МЧЖ ҚКнинг давлат улушини сотиб олиш бўйича танлов савдосида иштирок этувчи талабгор ёки унинг ваколатли вакили сотувчи — Давлат активларини бошқариш агентлигига ариза бериш шарт.