Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосарини устига бензин сепиб ёқиб юборган тадбиркор Баҳриддин Исомов қайта суд-психология экспертизаси хулосасидан сўнг кеча, 29 август куни қамоқдан озод этилди. Бу ҳақда Advokatnews.uz.тадбиркорнинг адвокати Музаффар Абидовга таяниб хабар қилди.

Адвокатнинг сўзларига кўра, Қарши университети психология факультети олимларидан иборат экспертлар гуруҳи 24 август куни Баҳриддин Исомов тўғрисида «ўша хатти-ҳаракатни содир этган вақтида аффект ҳолатида бўлган» деб хулоса берган. Ушбу хулоса асосида, Яккабоғ тумани прокурори санкцияси билан айблов Жиноят кодексининг 97-моддаси («Қасддан одам ўлдириш»)дан 98-модда («Кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдириш»)га қайта малакаланиб, айблов енгиллашгани муносабати билан қамоққа олиш эҳтиёт чораси бекор қилинган.

Қайд этилишича, Б.Исомов шу билан учинчи марта руҳий экспертиза қилинган. Аввалроқ, жиноий иш қўзғатилгач, у суд-психиатрия экспертизасидан ўтказиш учун Тошкентга жўнатилгани ҳақида хабар қилинган эди. Республика суд-экспертиза марказида ўтказилган суд-психиатрия текширувида, процессуал қонунчиликка асосан унинг умумий руҳий аҳволини ўрганилиб, ижобий хулоса берилган. Шундан сўнг айбланувчининг жиноий қилмишни содир этиш чоғида аффект ҳолатида бўлган-бўлмаганини аниқлаштириш мақсадида суд-психологик экспертиза тайинланган.

Адвокат М.Абидов ушбу экспертиза масалага юзаки ва бир томонлама қараб, айбланувчининг руҳий аҳволини ҳисобга олмаганини айтади.

«Психолог мутахассислар ҳимоямдаги шахс билан ҳатто бирор марта суҳбатлашмаган ҳам. Унинг айбланишига сабаб бўлган хатти-ҳаракатнинг содир этилишидаги вазият, мотивлар пухта ўрганилмаган. Шунчаки, тергов материаллари нари-бери варақланиб, „бу одам ўз хатти-ҳаракатларига жавоб бера олади“, деган мазмунда хулоса тайёрлашган!» — дейди адвокат.

Бундан хабар топган Музаффар Абидов вилоят прокурорига илтимоснома ёзиб, ҳимояси остидаги шахсга қайта экспертиза тайинланишига эришади. Бу сафар Қарши университети психолог олимларидан ташкил топган экспертлар Исомовнинг руҳиятини ва тергов материалларини синчиклаб ўрганиб чиқишгач, жамиятда катта резонанс келтириб чиқарган «Яккабоғ воқеаси» асосий иштирокчиларидан бўлган маҳаллий тадбиркорнинг ўша вақтда аффект, яъни кучли руҳий ҳаяжонда бўлганини тасдиқлаган.

Иш қайта малакаланиши билан бирга тергов тугатилиб, материаллар судга тақдим қилинган.